27 март куни Тошкент вилояти Бекобод туманида ўзини 5-қаватдан ташлаб вафот этган аёл юзасидан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га.

Эслатиб ўтамиз, туманнинг Далварзин маҳалласида яшаган 28 ёшли Н.Х. эри билан навбатдаги жанжал вақтида ўзини кўп қаватли уйдан ташлаб, жонига суиқасд қилган. Қўшнилар у пастга тушиб кетиши олдидан «яшашни истамайман, калтакларингдан тўйиб кетдим», дея бақирганини эшитган.

Аёлга уч марта, сўнгги бор 6 март куни ҳимоя ордери берилган. Унда келтирилишича, тазйиқ ўтказилган ёки зўравонлик содир этилган тақдирда эр ва аёлнинг бир хонадонда бўлиши тақиқланган.

Ҳолат юзасидан Бекобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми «а» банди (Вояга етмаган шахсга ёки ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан ўзини ўзи ўлдиришга ундаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.