Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов ва вазир ўринбосари Шаҳло Турдиқулова ўз лавозимларидан озод этилди.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Комилжон Хамидович Каримов Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университетининг ректори этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Бахром Равшанович Миркасимов ўрнини эгаллади.

Комилжон Каримов 1993 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини, 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Буюк Британиядаги Вестминстер университети қошидаги Лондон дипломатия академиясида дипломатия асослари бўйича сертификатланган курсини тамомлаган.

У фаолияти давомида ЮНEСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ташқи ишлар вазирлигида қатор масъул лавозимларда, шунингдек, Франциядаги элчихонанинг учинчи котиби бўлиб ишлаган.

Комилжон Каримов 2015—2020 йилларда Вестминстер университети ректори, 2020−2021 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори бўлган.

2021−2022 йилларда эса олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 2023 йилдан эса олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.

Шаҳло Ўткуровна Турдиқулова эса Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимида иш бошлайди.Шаҳло Турдиқулова.Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.Шаҳло Турдиқулова.
Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Шаҳло Турдиқулова 1973 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Турдиқулова — биология фанлари доктори, профессор. «Дўстлик» ордени соҳибаси.

У 2018−2020 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази директори бўлган.

2020 йил октябридан 2021 йил апрелига қадар инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари, 2021 йил апрелидан 2023 йил январига қадар вазир ўринбосари, 2023 йил январидан буён олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.