29 март куни Тошкентда «Автомобилсиз кун» бўлиб ўтди (президенти қарорига кўра, энди ҳар ойда бўлади). Шу куни ишга пиёда келган рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Газета.uz»нинг унга ҳамроҳлик қилиш ҳақидаги таклифига рози бўлди. Йўлда у журналист Миролим Исажоновга қайси транспорт усулларини афзал кўриши, шаҳар ҳақида қандай фикрда экани, шунингдек, мавжуд муаммоларни ҳал этишда умумий масъулият кераклиги ҳақида гапириб берди.

Мухбир ва вазир соат 8:42 да учрашиб, 9:31 да сайрни якунлади. Шу тарзда катта қадамлар билан борилган йўл тахминан 50 дақиқани ташкил этди.

Шерзод Шерматов пиёда юришни яхши кўришини, лекин бунга ҳар доим ҳам имкон бўлмаслигини айтди. «Асосий муаммо — вақт», — деди у.

Вазир ўтган «Автомобилсиз кун»лардан бирида ўзи раҳбарлик қилган Халқ таълими вазирлигига пиёда борганини, йўлини интернет орқали кузатиб кетганини эслади. Ўшанда йўл анча узунроқ бўлган.

Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбари оила аъзолари қандай транспортдан фойдаланиши ҳақидаги саволга ҳозир энг қулайи — такси, уни илова орқали чақириш мумкин, деб жавоб берди. Унинг ўзи ҳам шошилинч зарурат туғилганда таксидан фойдаланади.

автомобилсиз кун, интервью, тошкент, шерзод шерматов

Журналист Шерзод Шерматовдан пойтахтдаги пиёдалар инфратузилмасини болалар, кексалар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган инсонлар учун хавфсиз деб ҳисоблайсизми, деб сўраганида, вазир «Тошкент зўр шаҳар», «Тошкентдек зўр шаҳар дунёда жуда кам», деди. У «ҳамма жойда бўлгани каби муаммолар бор»лигини, хусусан, шаҳарда кўплаб шахсий транспорт воситалари мавжудлигини, бу тирбандлик ва бошқа муаммоларга олиб келишини тан олди.

Вазир Тошкентда яшаш имконсиз бўлиб қолгани, бу ердан кетиш кераклиги ҳақидаги турли гаплар унга жуда ёқмаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонга келган минглаб IT-мутахассислари шаҳар, яшаш ва бизнес учун яратилган шароитлар, шунингдек, Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлигидан «ҳайрон қолган».

Шерзод Шерматов яқинда Рақамли технологиялар вазирлиги барчани DIGITAL.UZ рақамлаштириш боғи учун кўчат экиш мақсадида тоғли ҳудудларга боришга очиқ таклиф қилганини айтди. Бироқ танқидчилар эмас, фақат IT соҳаси вакиллари келган.

Вазир мавжуд муаммоларни, хусусан, пиёдалар инфратузилмаси ҳам бардош бера олмайдиган ривожланиш суръатлари билан боғлади. «Бу жуда катта комплекс масалалар» ва «мутасаддилар ҳаракат қиляпти», деб таъкидлади у.

Президент «Янги Тошкент» лойиҳасида машиналар учун эмас, «одамлар учун шаҳар» яратиш топшириғини берган, лойиҳачилар ҳам пиёда юриш қулайлиги ва ривожланган жамоат транспортини биринчи ўринга қўйган, деди вазир.

«Муаммони „констатация“ қилиш (баён этиш — таҳр.) осон нарса. Муаммони ечиш энг қийин нарса», — дейди Шерзод Шерматов.

«Экология масаласи, мамлакатнинг келажаги масаласи, мамлакатнинг хавфсизлиги масаласи фақат ҳукуматнинг масаласи эмас, бу бутун жамоатчиликнинг масаласи… Айбдор қидириш керак эмас. Биргаликда шуни қилишимиз керак… Шу битта „планета“ ўзимизнинг уйимиз. Тошкент ҳам ўзимизнинг уйимиз», — деди у суҳбат якунида.

Эслатиб ўтамиз, шу куни «Газета.uz» мухбири транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан иккита автобусда сайр қилган эди. Вазир пойтахт жамоат транспортидаги ютуқ ва муаммолар, тезюрар автобус (BRT) йўлга қўйиш ва трамвайни қайтариш режалари ҳақида гапирган.

Видео