2 апрель куни халқ депутатлари Китоб туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Сессияда депутатлар Рустам Абдирасулович Ғафуровни Китоб тумани ҳокими лавозимига тасдиқлади. Мазкур лавозимда у 2022 йилнинг июнь ойидан буён ишлаб келаётган Ўктам Пардаев ўрнини эгаллади.

Рустам Ғафуров 1984 йилда туғилган. Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Банк академияси ва Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

Тайинловга қадар у Қашқадарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.