Туркиядаги муниципал сайловларда мухолифатчи Республика халқ партияси (CHP) ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (AK Parti) номзодларини ортда қолдириб, ғалаба қозонди.

31 март куни бўлиб ўтган овоз бериш натижаларига кўра, CHP 37,74 фоиз, AK Parti эса 35,49 фоиз овоз олди. Мухолифат номзодлари мамлакатнинг барча йирик шаҳарларида, жумладан, Анқара, Истанбул, Измир, Бурса, Анталия ва бошқаларда ғалаба қозонди.

Анқара шаҳрининг амалдаги мэри, CHP`дан номзод сифатида қатнашган Мансур Яваш ўз ўрнини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. У сайловда 60,35 фоиз, ҳукмрон партия номзоди Тургут Алтинок эса 31,69 фоиз овоз олган.

Истанбулда ҳам амалдаги шаҳар мэри ва CHP номзоди Экрем Имомўғли ғалаба қозонди. Сиёсатчи 51,09 фоиз, унинг AK Parti`дан рақиби Мурат Курум эса 39,59 фоиз овоз олган.

Яваш ва Имомўғли 2028 йилги сайловларда президентликка номзод сифатида кўрилмоқда, дея қайд этди BBC.

Сайловлар президент Ражаб Тоййиб Эрдоған ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси учун сўнгги 20 йилдаги энг ёмон мағлубият бўлди ва Туркиянинг сиёсий ландшафти ўзгараётганидан дарак бериши мумкин, дея қайд этди Reuters.

Эрдоған овоз бериш натижаларини изоҳлар экан, ҳукмрон партия кутилган натижаларга эриша олмаганини тан олди. «Бу сайловда ғолиб — сайловчиларнинг сиёсий қарашларидан, қатъи назар, демократия, миллат иродаси», — деди у Анқарадаги чиқишида.

Эрдоған ўзи ва унинг партияси ирода ифодаси бўлган натижаларни инкор этмаслигини айтиб, ўзи раҳбарлик қилаётган AK Parti келаси тўрт йил ичида иқтисодий муаммолардан ва зилзиладан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш каби «шошилинч масалалар»ни ҳал этиш устида ишлашни режалаштирганини таъкидлади.

Таҳлилчиларга кўра, AK Parti мағлубиятининг асосий сабабларидан бири иқтисодий таранглик, жумладан, деярли 70 фоизлик инфляция ва ўсиш суръатларининг секинлашуви бўлди, деб ёзади Reuters.