Ҳукуматнинг 29 мартдаги «Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» қарори билан барча тоифадаги автомототранспорт воситаларига экологик стикерларни жорий этиш тартиби ва муддатлари тасдиқланди.

Март ойи бошида Тошкент шаҳри ҳаво ифлосланиши даражасидан келиб чиқиб экологик зоналарга ажратиш, транспорт воситаларига эса «қизил», «сариқ» ва «яшил» ёрлиқлар (стикерлар) ёпиштирилиши маълум бўлганди. Лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган ва у томонидан маъқулланган.

Янги қарордан кўриниб турибдики, экостикерлар бутун республика бўйлаб босқичма-босқич жорий этилади. Жараён 1 июндан бошланиши режа қилинмоқда.

«Экологик транспорт» тизими

1 июндан автотранспорт воситаларидан чиқаётган ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича «Экологик транспорт» тизими жорий этилади. У нимани назарда тутади?

Биринчидан, ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, «илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида» «тоза» («яшил»), «ўрта» («сариқ») ва «зарарли» («қизил») экологик зоналарга ажратилади.

Иккинчидан, транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражаси автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностика текшируви жараёнида аниқланади, натижалари бўйича қалбакилаштиришдан ҳимояланган ва электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар берилади.

Учинчидан, экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш чоралари кўрилади.

«Экологик транспорт» тизимини жорий этиш 2030 йилгача давом этади: биринчи босқич Тошкент шаҳрида (2024−2026), иккинчи босқич Нукус шаҳри, вилоят марказлари ва заруратга кўра, алоҳида экологик зоналар, жумладан сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқаларда (2026−2028), учинчи босқич бошқа барча ҳудудларда (2028−2030).

Экозонага мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик белгиланади. Жарима маблағлари эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади.

Экостикерлар: ихтиёрий йилига бир марта рўйхатдан ўтиш ва диагностика — бепул

1 июндан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва уларга экологик стикерлар бериш Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида бепул амалга оширилади.

Бошқа ҳолларда ушбу хизматни бепул кўрсатиш белгиланган муддат: Тошкент шаҳрида — 2027 йил 1 январгача, Нукус шаҳрида ва вилоятлар марказларида, шунингдек, айрим экологик зоналарда — 2029 йилнинг 1 январига қадар, қолган барча ҳудудларда — 2031 йил 1 январгача ўтказилади.

Ихтиёрий равишда йилига бир марта янги экостикер олиш хизмати ҳам бепул бўлади.

Электромобиль ва электромототцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига уч йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига «яшил» тоифадаги стикерлар бепул диагностик текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади. Фақат уларнинг эгалари онлайн ахборот тизимлари орқали ариза юборишлари керак бўлади.

Шошилинч ва тезкор хизмат транспорт воситаларидан ҳамда жамоат транспортидан (такси ва йўналишли таксидан ташқари) барча экологик зоналар ҳудудида ҳеч қандай чеклов ва тақиқларсиз фойдаланилади.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига тўғри келмайдиган айрим турдаги транспорт воситалари экологик компенсация тўлаган ҳолда вақтинчалик фойдаланиши мумкин бўлади. Тегишли тартиб ҳукумат томонидан тасдиқланиши керак.

Экозоналар: динамик электрон хариталар ва белгилар

Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш ҳамда уларни ўзгартириш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Экология вазирлиги таклифига асосан амалга оширилади.

Вазирликка илғор хорижий мутахассис ва экспертларни жалб этган ҳолда инновацион технологиялар асосида барча экологик зоналар ҳақидаги умумлашган маълумотлардан иборат Ўзбекистоннинг атмосфера ҳавоси бўйича динамик электрон экологик харитасини ишлаб чиқиш топширилди.

Экологик зоналар худудида ва уларга кириш жойларида ахолини қулай тарзда хабардор қилувчи белгилар ўрнатилади. Маълумотлар электрон платформаларда эълон қилиб борилади.

Ҳуқуқбузарликларни фото ва видео қайд этиш

Транспорт воситаларининг нормативларга мослигини диагностика текширувидан ўтказиш Ички ишлар вазирлигининг «Инновация лойихалари ва аҳолига сервис хизматлари кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади. Марказ ходимлари таркибига экология операторлари қўшилади.

Янги тизимни жорий этиш доирасида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ўз ҳудудларида зарур жиҳозларга эга диагностика марказлари ташкил этилган ҳолда таъмирланади, қайта қурилади ёки қайта қурилади.

Экология вазирлигига экологик зоналарда транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари бузилишини автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари ва дастурий таъминот харид қилиш топширилди. Вазирлик уларга техник хизмат ҳам кўрсатади.

Экология вазирлиги таркибида атмосфера ҳавосини назорат қилиш мониторинг маркази ҳамда экологик зоналарда автотранспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш бўйича маъмурий амалиёт бўлими ташкил этилади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Ички ишлар ва Транспорт вазирликларига 1 июнга қадар янги ва мавжуд ахборот тизимларини интеграциялаш бўйича топшириқ берилди.

Экологик зоналарда транспортдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси 1 декабргача ишлаб чиқилиши керак.

Бундан ташқари, «зарарли» тоифадаги автомобилларни «тоза» тоифадаги автомобилларга алмаштириш учун субсидия бериш режалаштирилмоқда. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига бир ой муддатда мазкур ташаббусни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.