Ўтган ҳафтада бир қатор оммавий ахборот воситалари ва блогерлар 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга автомобилларни олиб кириш тартиби қатъийлаштирилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берди. Kun.uz нашри «Растаможка» Telegram каналига таяниб берган хабарида ўзгартиришлар ҳукумат топшириғи билан киритилаётгани, лекин хабар расман тасдиқланмагани айтилади.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, бундай топшириқ 25 мартда берилган. Ҳужжат билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг 19 мартдаги хатида келтирилган таклифларга розилик берилган.

Агентлик транспорт воситаларини реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжатини расмийлаштириш жараёнидан қочиб, бир турдаги транспорт воситасининг ҳар бирини бошқа жисмоний шахслар номига ўтказган ҳолда (Божхона кодексининг 96-моддаси) муомалага чиқариб, ички бозорда реализация қилаётганини таъкидлаган.

Ташкилот буни бартараф этиш, транспорт воситаларининг импортини «тартибга солиш» учун қуйидагиларни таклиф қилган:

  • турини маъқуллаш ҳужжати ёки мувофиқлик сертификатини қўллаш ва мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқукини аризачи (мувофиқлик сертификатининг эгаси) бошқа юридик ёки жисмоний шахсга беришини ман этиш.
  • 2024 йил 1 апрелдан божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарни бошқа шахсга ўтказиш нормасини автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этмаслик ва божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган автотранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказишни таъқиқлаш;
  • республикага импорт қилинган янги автотранспорт воситаларининг регламент талабларига тўла мувофиқлиги баҳоланиб, тури маъқуллангандан кейин муомалага чиқариш (бунда, бир календарь йили давомида ўз эҳтиёжи учун олиб келинган бир бирликдаги автотранспорт воситаси мустасно).
  • республикага импорт қилинган янги автотранспорт воситаларини сотиш фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга ошириш тизимини қайта тиклаш.

Агентлик хатида яна енгил тоифадаги автотранспорт воситаларини чет элдан импорт қилиш ҳамда уларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларининг мувофиқлигини таъминлаш бўйича қуйидаги норматив-ҳукукий хужжатлар ишлаб чиқилгани айтилади:

  • янги хорижий автомобиллар Ўзбекистонда фақат юридик шахслар — ишлаб чиқарувчи корхоналарининг расмий дилерлари томонидан сотилиши тартибини тиклаш бўйича (бу қоида 2023 йил 1 январдан бекор қилинганди, шундан сўнг жисмоний шахслар импорт автомобилларни мамлакатга олиб кириш ва сотиш имкониятига эга бўлди, бундай автомобиллар эса, ўз навбатида, расмий дилерлардагидан арзонроқ бўлиб чиқди);
  • муомалага чиқариладиган автомобиллар хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентга ўзгартириш киритиш бўйича.

Ҳужжатлар лойиҳалари белгиланган тартибда рrоjесt.gov.uz электрон тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ва жамоатчилик муҳокамасига жойлаштиришга тайёрланган. Бироқ лойиҳаларни тартибга солиш таъсирини баҳолашдаги муаммо, унинг сабаблари ва вужудга келадиган салбий оқибатлар етарлича ёритилмагани ҳамда геgulаtiоn.gоv.uz электрон тизими орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши аҳоли ва тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлигини инобатга олиб 2024 йил 15 январда Президент администрацияси томонидан ва 2024 йил 9 январда Вазирлар Маҳкамаси томонидан рад этилгани муносабати билан Адлия вазирлигига киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» декабрь ойида Ўзбекистонда автомобиллар ва электромобилларни олиб кириш қоидаларини қатъийлаштириш режалаштирилаётгани, 2024 йилдан бошлаб жисмоний шахсларга тижорат мақсадларида автомобиль импорти тақиқланиши мумкинлиги, янги хорижий автомобилларни фақат расмий дилерлар орқали сотиш тартибига қайтиш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берганди.

Норматив-ҳуқукий ҳужжатлар қабул қилинмаслиги таъсири транспорт воситаларини импорт қилиш ҳамда уларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича мувофиқлигини баҳолаш жараёнлари таҳлил килинган.

Ҳозирда республикада транспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламент асосида амалга оширилади.

Регламентнинг 5-бандига асосан муомалага чиқарилаётган транспорт воситаларининг мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар транспорт воситасининг турини маъқуллаш ва мувофиқлик сертификати (ягона транспорт воситаси учун) ҳисобланади (ягона транспорт воситаси деганда жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун Ўзбекистон ҳудудига бир календарь йили давомида олиб келинган бир дона транспорт воситаси тушунилади).

Юқорида таъкидланганидек, 202З йил 1 январдан янги импорт автомобилларини сотиш фақат ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг расмий дилерлари томонидан амалга оширилиши талаби бекор қилинган.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг қайд этишича, ўз ўрнида, бу етказиб берилаётган автотранспорт воситаларига сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш, кафолат муддати доирасида бепул сервис такдим этиш, эҳтиёт қисмлари билан узлуксиз таъминлаш масалалари очиқ қолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун импорт қилинган бир бирликдаги транспорт воситасини сертификатлаштириш соддалаштирилган тартибда республиканинг табиий-иқлимий шароитларига мослиги, фронтал ва ён тўқнашувда ҳайдовчи ва йўловчиларни ҳимоя қилиш синов кўрсаткичлари бўйича баҳоланмасдан амалга оширилмоқда.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг жўнатган хатида бу йўналишга оид халқаро тажриба ҳақида ҳам сўз боради. Унга кўра:

  • Европа Иттифоқи ҳудудига транспорт воситаларини олиб кириш ва ушбу ҳудудда реализация қилиш ишлаб чиқарувчи ва унинг расмий вакили томонидан амалга оширилади. Бунда, транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжати расмийлаштирилган транспорт воситаларига ишлаб чиқарувчи томонидан берилган мувофиқлик сертификати асосида ички бозорда реализация қилиниши мумкин.
  • Туркияда эса транспорт воситаларининг тури маъқуллангандан кейин, транспорт воситаси учун белгиланган барча сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари мувофиқ топилганда реализация қилиниши мумкин.
  • Шунингдек, ушбу тартиб Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларда ҳам мавжуд.

202З йил давомида 62 минг 748 та транспорт воситасига 61 минг 372 та мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган бўлиб, ушбу сертификатларнинг 60 минг 451 таси жисмоний шахслар номида.

Қонунчиликда нималар назарда тутилган?

Молиячи Отабек Бакиров лойиҳа ташаббускорларидан ўз қоида ва қонунларига ўзлари амал қилишини сўради.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 18−1 моддасига кўра, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек, уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонунчилик ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.

Яъни 25 мартда қабул қилинган ўзгартириш 1 апрелдан эмас, 25 июндан кучга кириши керак.

Бундан ташқари, президент қарорига мувофиқ, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳалари Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгунга қадар президент ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат кенгашида муҳокама қилиниши шарт.

Ҳукумат қарори бўйича меъёрий ҳужжат ёки унинг лойиҳаси маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг ассортименти ва сонини чекласа, етказиб берувчиларнинг бир-бири билан рақобатлашиш имкониятларини чекласа, етказиб берувчиларнинг бозор шароитида бир-бири билан рақобатлашиш истагини камайтирса, у ҳолда рақобат учун салбий деб баҳоланиши лозим.