Самарқанд вилоятида қум-шағал аралашмасини ноқонуний қазиб олган шахслар аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Хусусан, Бош прокуратура ҳузуридаги Оқдарё туман бўлими томонидан туман экология ва атроф муҳитини муҳофаза қилиш соҳасида назорат инспекция ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда «А.Г» МЧЖ масъул шахслари ҳеч қандай ҳужжатларсиз «Кумушкент» ва «Халқобод» МФЙ чегарасидан оқиб ўтувчи Оқдарё дарёси муҳофаза зонаси ҳудудидан «SANY» русумли экскаватор ёрдамида жами 13 минг куб ҳажмдаги қум-шағал хом ашёсини ўзбошимчалик билан қазиб олиб, давлат ва жамият манфаатларига 6 млрд сўм зарар етказгани аниқланган.

Шунингдек, департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «B.B.» МЧЖ раҳбари Б.Э. «Зарафшон» массиви ҳудудидан балиқчилик хўжалигини ташкил қилиш учун ажратилган 11 гектар ер майдонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз жами 9,5 минг куб ҳажмдаги қум-шағал аралашмасини ўзбошимчалик билан қазиб олгани ва тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғирлик йўли билан уланиб, 177,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб Сирдарё, Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилиши маълум қилинганди.