Коррупцияга қарши кураш агентлиги Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов учун Captiva автомашинаси сотиб олишда қоидабузарлик содир этилгани ҳақида маълум қилди.

Туман ҳокими «аёллар дафтаридан» фойдаланиб, 349,9 миллион сўмга Captiva-5 автомашинаси сотиб олган. Шу билан бирга, туман ва шаҳарлар ҳокимлари учун хизмат автомобилининг максимал қиймати БҲМнинг 1000 баравари (340 млн сўм) этиб белгиланган, бу агентлик томонидан ҳам кўрсатиб ўтилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тавсиясига асосан автомашина туман ҳокимлиги балансидан чиқарилиб, Сурхондарё вилояти ҳокимлигига ўтказилди.

Собиқ депутат Расул Кушербоев фикрича, бу халқ кутган қарор эмас.

«Аслида халқ шу кўзбўямачиликни кутганмиди? Анитикоррупция агентлигининг қўл оёғи боғлаб қўйилгани аниқ, бироқ ваколатли бошқа идоралар бунга кўз юмишаётгани ғалати. Айни вазиятда вилоят ҳокимлиги ўз балансидаги бу автомобилни Ангор тумани ҳокимига фойдаланишга беради, вассалом. Шу билан ўрганишга ҳам, халқ фикри ва муҳокамаларга ҳам тупурилади», — деб ёзди у Telegram`даги каналида.

Собиқ депутатнинг ёзишича, муаммо машина кимнинг балансида сақланаётганида эмас, вилоятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ етишмаётган бир пайтда айрим ҳокимлар ўзларига аҳоли ҳисобидан қиммат машина сотиб олишида.