Сурхондарё вилояти Ангор тумани ҳокими Қосим Мардонов «Аёллар дафтари» маблағларидан Captiva 5 автомашинасини сотиб олди. Бунга Telegram`даги «Ревизор» канали эътибор қаратди. Ҳолат Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганилмоқда.

Қайд этилишича, ҳокимлик балансида бўлган 2018 йилда ишлаб чиқарилган Captiva (рақами 75 026 DAV) автомобили 2022 йилнинг ноябрь ойида ЙТҲга учраган ва шу сабабдан яроқсиз ҳолга келгани маълум қилинган. Автомобиль 2023 йилнинг март ойида аукционда 120 миллион сўмга сотилган.

2024 йилнинг февраль ойида ҳоким янги автомобиль сотиб олиш учун 349 млн сўм ажратиш тўғрисидаги қарор имзолаган. Мазкур қарор асосида туман ҳокимлиги томонидан 349,9 млн сўмга Captiva 5 автомашинаси харид қилинган. Шу билан бирга, туман ва шаҳарлар ҳокимлари учун хизмат автомобилининг максимал қиймати БҲМнинг 1000 баравари (340 млн сўм) этиб белгиланган.

Мазкур давлат хариди манбаи сифатида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси кўрсатилган. Шунингдек, туман ҳокимлигининг Мажбурий ижро бюроси органларидаги умумий қарздорлиги 1,4 млрд сўмни ташкил этади.

Anhor.uz амалдорларининг хизмат автомашиналари нархидан ошиб кетган бошқа ҳолатлар ҳақида ҳам хабар берди.

Хусусан, 2023 йилнинг апрель ойида Банк-молия академияси проректори Д.Мўминов учун 419 млн сўмга Malibu 2 русумли автомобиль сотиб олинган.

Шунингдек, Қўнғирот тумани ҳокимлиги 2022 йилнинг февраль ойида 398 млн сўмга Traiblazer LTZ-AT русумли автомашина ҳарид қилган.

2022 йилнинг март ойида эса Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳар бири 405,9 млн сўмдан учта Malibu 2 харид қилинган. Умумий харид суммаси 1,2 миллиард сўмни ташкил этган.