Шавкат Мирзиёев 26 март куни Наманган вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятнинг Қамчиқ довонига яқин ҳудудида логистика марказини ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Президент вилоят саноат маҳсулоти ва мева-сабзавоти асосан Тошкент ва Андижон орқали экспорт бўлаётгани таннархнинг ўсишига олиб келаётгани қайд этди. Шу сабабли мутасаддиларга Наманган халқаро аэропортидаги бўш майдонда юк терминалини ишга тушириш, Наманганнинг Қамчиқ довонига яқин ҳудудида логистика марказини ташкил этиш, Нанай қишлоғи ҳудудидаги собиқ «Карвон» божхона назорат маскани фаолиятини тиклаш топшириғи берилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Қирғизистон томони билан келишилган ҳолда «Учқўрғон» божхона постини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Қайд этилишича, чегара пости яқинида хитойлик ҳамкорлар билан «Учқўрғон-Кенсай» логистика марказини барпо этиш режалаштирилган.

14 февраль куни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Ўзбекистонни Қирғизистон билан боғлайдиган «Учқўрғон» чегара божхона пости қурилаётгани хабар қилинганди. Пост «Учқўрғон-Маданият» йўлининг 10-километрида «Бўстон» маҳалласида жойлашган. Жалолобод вилояти (Қирғизистон) Навкент тумани «Қизилтуу» қишлоғида жойлашган «Кенгсай» божхона постида ҳам шундай ишлар олиб борилмоқда. «Учургон» ва «Кенгсай» чегара божхона постларини 2024 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.