Ўзбекистон келаси йили Японияда бўлиб ўтадиган Expo Osaka 2025 Бутунжаҳон кўргазмасида иштирок этади. Кенг кўламли тадбирда 170 дан ортиқ давлатнинг технологик, фан, иқтисодий ва маданий ютуқларига эътибор қаратилади.

Кўргазма мавзуси «Designing future society for our lives» (Ҳаётимиз учун келажак жамиятни лойиҳалаш) бўлиб, у ижтимоий, жумладан, турмуш даражасининг пастлиги, соғлиқни сақлаш, таълим соҳасидаги муаммолар ва ҳоказоларни ҳал қилиш жараёнида юқори технологиялардан фойдаланишни назарда тутади.

Expo Osaka 2025 кўргазмаси ўтказиладиган жой Осака кўрфазидаги сунъий Юмешима ороли (япончадан таржимада «Орзу ороли»)да бўлади.

Фото: Expo Osaka 2025 сайти.Фото: Expo Osaka 2025 сайти.

Кўргазмада Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси миллий павильон қурилиши бошланганини маълум қилди. Уни тайёрлаш бўйича ишлар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2023 йилда бошланган. Павильоннинг ҳамкори Швейцариянинг Nussli Switzerland қурилиш компанияси ҳисобланади.

Миллий павильон кўргазманинг ғарбий қисмида, асосий мамлакат павильонларининг марказий айланасида жойлашади. Уч қаватдан иборат павильон майдони 800 кв.м. Жамғарма павильоннинг меъморий ғояси устида дунёга машҳур ATELIER BRÜCKNER (Германия) компанияси билан ҳамкорликда ишлаган.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Павильонда «Билимлар боғи» кўргазма лойиҳаси тақдим этилиб, у ташриф буюрувчиларга Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланишнинг учта устувор мақсади: «Сифатли таълим», «Ҳамёнбоп ва тоза энергия» ва «Саноатлаштириш, инновациялар ва инфратузилма»га мувофиқ амалга оширилаётган ўзгаришларни намойиш қилади.

Кўргазма лойиҳаси тақдимотидан ташқари дастурда қатор маданий тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон Миллий куни, шунингдек, аёллар павильонида бўлиб ўтадиган панель муҳокамаси ҳам ўрин олган.

«Ўзбекистоннинг Expo Osaka 2025 кўргазмасида иштирок этиши мамлакат учун миллий ютуқларни намойиш этиш, сайёҳликни ривожлантириш, сармояларни жалб қилиш ҳамда халқаро ҳамкорлик ва маданий алмашинувни кенгайтириш учун янги истиқболларни очади», — дейилади жамғарма матбуот хизмати хабарида.

Жамғарма раиси Гаянэ Умерова Японияга ташрифи доирасида мамлакат Маданият масалалари агентлиги бош директори Нироҳико Накаҳара ва Япония миллий маданий мерос институти маслаҳатчиси Куни Сато билан учрашди. Учрашувда маданият ва санъат масалалари бўйича фаол ҳамкорлик, жумладан, Нара миллий музейи ва Осака этнографик музейида кўргазмалар ҳамда «Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси» саҳна асари билан Ўзбекистон миллий балетининг илк сайёр сафарини ташкил этиш, шунингдек, Токио музейи вакилларининг Ўзбекистонга музей сара тўпламларини ўрганиш учун ташрифини уюштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

expo osaka 2025, кўргазма, маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, япония

Гаянэ Умерова, шунингдек, япониялик архитектор, Приткцеров мукофоти совриндори Тадао Андо билан ҳам учрашди. Жамғарма хабарида айтилишича, 2024 йилда Тадао Андо лойиҳаси бўйича Ўзбекистон давлат санъат музейининг янги биноси қурилиши бошланади.

Айни пайтда бинонинг меъморий лойиҳаси ва дизайн ғояси устидаги ишлар ниҳоясига етмоқда. «Тадао Андога лойиҳа ижроси бўйича муаллифлик назоратини олиб бориш юкланди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон давлат санъат музейи лойиҳаси.Ўзбекистон давлат санъат музейи лойиҳаси.

Туризм ва спорт вазирлиги томонидан 2022 йилда ўтказилган тақдимот маросимида музей янги биносининг қурилиши 2022−2023 йилларда Тошкентда: Абулқосим мадрасаси, «Истиқлол» санъат саройи ва Алишер Навоий ҳайкали оралиғида олиб борилиши режалаштирилганди.