Тошкентда Ўзбекистон давлат санъат музейининг янги биноси тақдимоти ва Ипак йўли музейининг дастлабки концепциясига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова, қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев, Atelier Brückner бюроси вакиллари, бюронинг бошқарув ҳамкори Эберхарт Шлаг, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Tashkent city қурилиш дирекцияси вакиллари қатнашишди.

Давлат санъат музейи

Музейнинг архитектура лойиҳаси бутун дунёга машҳур архитектор, Приткцеров мукофоти совриндори Тадао Андонинг Tadao Ando Architect & Associates меъморчилик бюроси иштирокида амалга оширилмоқда. Бош лойиҳачи сифатида эса Atelier Brückner GmbH (Германия) меъморий бюроси иш олиб боради.


Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг қурилиши 2022−2023 йилларда Тошкентда, Абулқосим мадрасаси, «Истиқлол» санъат саройи ва Алишер Навоий ҳайкали оралиғида олиб борилиши режалаштирилган. Эслатиб ўтамиз, Миллий боғ ҳудудида «Маънавият шаҳарчаси» мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган бўлиб, унда музейнинг янги биноси билан бир қаторда Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Миллий кутубхона ва Ўзбек Миллий академик драма театри ҳам жойлашади.


Тадбирда маълум қилинишича, музейнинг дизайн концепцияси катта экспозиция майдони, музей коллекцияларини сақлаш хонаси, кутубхона, маъруза хонаси, кафе ҳамда том қисмида терраса ва паркни ўз ичига олган.

Тақдимот давомида объектнинг бош режаси, экспозиция майдони, жамоатчилик учун ажратилган ҳудуд, музей коллекциялари хонаси, анжуманлар зали, ресторан, кафе ва аудиториялар ҳамда кутубхонанинг муҳандислик ва режалаштириш қарорлари ҳавола этилди. «Музейни лойиҳалаштириш ишлари музей майдони фаолиятига доир барча энг янги технологияларини инобатга олган ҳолда олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.


Бундан аввал Тадао Андо: «Ўзбекистон Давлат санъат музейи тикланиш ва умид рамзи сифатида намоён бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Мен уни вақт уммонида ҳаракатланаётган кема каби кўраман. Менинг меъморчилик ишларим инсонларни ўз салоҳиятларини намоён қилишга ва келажак сари ҳаракат қилишга илҳом бағишлашини жуда хоҳлардим», — деган эди.


Фото: Тадао Андо. Getty

Давлат санъат музейи янги биносининг тўлиқ тақдимоти 2022 йилнинг апрель ойида намойиш этилиши кутилмоқда.

Ипак йўли музейи


Самарқандда эса Ипак йўли музейи қурилиши кутилмоқда. У университет хиёбони ва Бобур Мирзо кўчаси оралиғида жойлашган бўлади.

Бинонинг асосий кириш эшиги хиёбонга, ён эшик ва музейнинг ер ости автотураргоҳига кириш эса — Жомий кўчасига йўналтирилади, деб хабар берди «Газета.uz»га Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.


Музей жойлашиши режалаштирилган ҳудуд айни пайтда шундай кўринишга эга. Ҳозирда қурилиш режалаштирилаётган майдонда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Самарқанд филиали бинолари ва ётоқхоналар жойлашган. Манба: «Яндекс.Карты»

Музей фасадининг чизмаси шундай тузилганки, бинонинг марказий қисми томдаги катта дераза туфайли кўпроқ ёритилади, учта қанот эса аксинча бироз қоранғулаштирилган бўлади.


«Музей экспозицияси Марказий Осиё ва бутун дунё учун буюк Ипак йўлининг тарихи ва аҳамиятини намойиш этади», — дейилади Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълумотида.