Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Женевадаги Парламентлараро иттифоқ (ПИ) ассамблеясининг «Парламент дипломатияси: тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик кўприкларини яратиш» мавзусидаги 148-сессиясида нутқ сўзлади.

У ўз нутқида башорат қилиш қийин бўлган ҳозирги халқаро вазият ва давлатлараро муносабатларда ўзаро тушуниш йўқлиги шароитида дунё мамлакатлари парламентларининг роли ва аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлади.

«Биз, парламентарийлар парламент дипломатиясини ривожлантириш орқали тинчлик ва глобал барқарорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимиз керак», — деди Танзила Нарбаева ва Ўзбекистон ПИнинг бу борадаги концептуал тамойилларини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.

парламент, парламентлараро иттифоқ, танзила нарбаева

У Ўзбекистон эътибор қаратиш зарур деб ҳисоблайдиган бир қанча устувор йўналишларни санаб ўтди.

«Парламент дипломатияси давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг асосий механизми сифатида зиддиятларнинг олдини олишда муҳим роль ўйнаши лозим», — деди Танзила Нарбаева ПИ бош котиби Озарбайжон ва Арманистон парламентлари ўртасида алоқа ўрнатишда воситачи бўлганини эслатиб.

«Биз ПИнинг парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, бу мураккаб вазиятларда муросали ечимларни топишга ёрдам беради», — деди Сенат раиси.

«Парламентлар заиф қатламлар ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиши керак. Бу, шунингдек, камситиш, нафрат ва зўравонликнинг барча кўринишларига қарши курашни ҳам ўз ичига олади», — деди Танзила Нарбаева.

Учинчи компонент сифатида у «парламентарийлар ўртасида ишончли муносабатлар ўрнатишга, умумий муаммо ва вазифаларни ҳал қилишга ёрдам берадиган» минтақавий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади. «Улар ўз минтақаси манфаатларини биргаликда ҳимоя қилишлари мумкин», — деди Сенат раиси.

Танзила Нарбаева Ўзбекистон бундан буён ҳам ҳозирги глобал муаммоларни самарали ҳал этиш учун парламент дипломатиясини ривожлантириш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ПИ ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Сенат раҳбари, шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ПИнинг 150 йиллик юбилей ассамблеясини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганини эслатди.

«Биз Марказий Осиё тарихидаги энг йириги бўлибгина қолмай, балки барча иштирокчилар ва меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирадиган ассамблеяни юқори ташкилий ва мазмунли даражада ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юбордик», — деди у.

Танзила Нарбаева Женевага ташрифи чоғида ПИ раиси Тулия Эксон билан ҳам учрашди.

«Ўзбекистон ушбу ассамблеяга мезбонлик қилаётганидан хурсандмиз, чунки айнан сизнинг мамлакатингиз бундай шарафга муносибдир. Мен Тошкентдаги юбилей ассамблеяни ПИ ва бутун жаҳон парламентаризми тарихидаги унутилмас воқеага айлантириш учун бор кучимни ишга солишга тайёрман» — дея таъкидлади Тулия Эксон.

Танзила Нарбоева ПИ бош котиби Мартин Чунгонг билан ҳам учрашди.

парламент, парламентлараро иттифоқ, танзила нарбаева

Танзила Нарбоева БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори Татьяна Валовая билан ҳам учрашув ўтказди.

парламент, парламентлараро иттифоқ, танзила нарбаева

Айни пайтда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорликда 140 га яқин дастур ва лойиҳани амалга оширмоқда. Татьяна Валовая Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Томонлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди. Учрашув якунлари бўйича мулоқотни тизимли давом эттириш, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.