26 мартдан Тошкент шаҳрида марказий иситиш тизими ўчирилади, деб хабар берди «Газета.uz»га пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Ҳокимликнинг эслатишича, иситиш даври ўртача кунлик ҳарорат 8 даражадан юқори бўлган беш кунлик муддат тугагандан кейинги куни тугатилади.

«Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳри Гидрометеорология маркази маълумотлари ҳамда ўртача кунлик ҳаво ҳарорати айни пайтда 10 даражадан юқори бўлишини инобатга олган ҳолда 26 мартдан мавсумини якунлаш режалаштирилаётганини маълум қиламиз», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда 6 ноябрдан иситиш мавсуми бошланган. Ўтган йилги иситиш мавсуми 22 октябрдан 10 мартгача давом этганди.