23 март куни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида содир бўлган сел-сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишга 10 минг киши жалб этилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бир кун аввал ҳодиса содир бўлган маҳаллаларга бориб, бу ерга вилоятдаги барча туманлар ҳокимлари бир кунга ўз одамлари ва техникаси билан келиб, оммавий ҳашарда қатнашишини тайинлаганди.

Хусусан, «Элобод», «Янгишаҳар», «Боғаро» ва «Азларсой» маҳалларидаги 61 та кўча шаҳар ва туманларга бириктирилган. Ҳудудлардан 10 мингга яқин ҳашарчи, 200 дан ортиқ юк машинаси, 100 га яқин махсус транспорт воситаси, 50 та мотопомпа воситаси жалб қилинган.

Ўша куни 130 дан ортиқ хонадонлардаги лойқа сувлар махсус техникалар ва мотопомпалар ёрдамида тозаланган, 12 та кўчадаги 12 км ички йўллар шағаллаштирилиб, таъмирланган. Тозаланган ва тартибга келтирилган кўчалар бўйлаб 1 мингдан ортиқ мавсумга мос дарахт ва бута кўчатлари ўтқазилган.

Сув ва лойқалардан тозаланган 3 мингдан ортиқ объектдан, хусусан, аҳоли хонадонлари, ошхона ва ёрдамчи бинолари, ижтимоий соҳа объектларида ҳамда 2,5 мингга яқин сув ҳовузларида дезинфекциялаш амалга оширилган. Аҳоли қарамоғидаги 100 дан ортиқ чорва моллари хавфсиз ҳудудларга олиб ўтилиб, ветеринария хизматлари кўрсатилган.

сел, сурхондарё, қумқўрғон

Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Миллий гвардия бошқармалари бошлиқлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари раҳбарлигида бириктирилган кўчалар бўйлаб ишлар давом этмоқда, дейилади хабарда.

Ҳокимликнинг қайд этишича, келгусида сел-сув тошқинларининг олдини олиш, ёпилиб қолган сел йўлларини очиш, янгиларини ташкил этиш, тўртта маҳаллада ҳам ишларни сифатли амалга амалга оширган ҳолда аҳолини яшаш манзилларига қайтариш, уларга зарур шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 21 март куни кечқурун Сурхондарё вилоятининг турли ҳудудлари жумладан, Қумқўрғон туманида кучли ёмғир сабаб сел-сув тошқинлари бўлган. Юзлаб хонадон ва турар жойларга сув кирган. Табиий офат оқибатида жароҳат олганлар бўлмаган.