Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мопед ва скутерларни вақтинчалик давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Янги тоифадаги транспорт воситаларига конструктив тезлиги соатига 25 дан 50 километргача бўлган, двигателининг иш ҳажми 25 дан 50 сантиметр куб гача бўлган, шунингдек, электродвигателининг қуввати 0,25 киловаттдан 4 киловаттгача бўлган мопед ва скутерлар киради.

Янги рақамларни бериш 2024 йил 1 июлдан бошланиши режалаштирилмоқда. Мопедлар учун XI1, скутерлар учун эса XIE махсус давлат рақами жорий қилинмоқда.

2025 йил 1 январдан уларни умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.

Рақамлар нархи БҲМнинг 1,5 баравари миқдорида (510 минг сўм) бўлади.

Қарор лойиҳасини қабул қилиш зарурати

Ички ишлар вазирлигининг тушунтириш хатида аҳоли орасида тобора оммалашиб бораётган мотоцикл, скутер, мотороллерлар йўл ҳаракати қатнашчилари хавфсизлигини таъминлашда қатор муаммоларни келтириб чиқараётгани қайд этилган.

2021−2022 йилар давомида хориждан 50 мингдан ортиқ электромотоцикл (2442 та) ва скутерлар (48 359 та) келтирилган бўлса, 2023 йилда бундай турдаги транспорт воситалари 2,5 баробар (127 000 та) кўп импорт қилинган. Амалдаги қоидаларга кўра, скутер ва мопедлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатга олинмайди.

Бугунги кунда электр мототранспортининг техник ҳужжатларида двигатель қуввати 4 киловаттдан ва максимал тезлиги соатига 50 километрдан ошмаслиги кўрсатилганлиги боис уларга давлат рақами берилмайди, ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинмайди.

«Оқибатда бундай транспорт воситаларидан йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларга эга эмас шахслар, асосан, вояга етмаганлар ва ёшлар, шунингдек, аёллар, кекса кишилар фойдаланаётгани ҳамда ёшларнинг қизиққонлиги йўлларда турли салбий ҳолатларни келтириб чиқариш эҳтимолини оширмоқда», — дейилади тушунтиришда.

Қайд этилишича, бундай омиллар электр мототранспортдан ўз билганича фойдаланишга, йўлларда тартибсиз, қоидаларга умуман амал қилмасдан бошқаришга, ҳаракат иштирокчилари билан боғлиқ нохуш ҳолатлар юзага келишига шароит яратмоқда. Ўз навбатида, скутерлар ва мопедлар ҳайдовчилари иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар сони келтириб ўтилмаган.

Лойиҳа муҳокамаси 4 апрелга қадар давом этади.