Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 5 мартдаги қарори билан криптобиржалар (400 БҲМ дан 740 БҲМ гача, 1,8 баравардан ортиққа) ва криптодўконлар (20 БҲМ дан 185 БҲМ гача, 9 баравардан ортиққа) йиғимлари оширилди.

ИЛМА матбуот хизматининг хабар қилишича, криптоактивлар айланмаси соҳасидаги хизмат кўрсатувчи провайдерлар, хусусан, криптобиржалар ва криптодўконлар фаолияти таҳлили «уларнинг етарли даражада рентабеллигини кўрсатди».

«Ўзгартиришлар давлат бюджетига тушумларни камида 2 баробар ошириш имконини бериб, шу билан бирга, хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг молиявий ҳолатига жиддий салбий таъсир кўрсатмайди», — дейилади хабарда.

Ўзгартиришлар уч ой ўтгач, яъни июнь ойининг бошидан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги криптобиржалар, майнинг пул, криптодепозитарийлар ва криптодўконлар фаолиятини лицензияловчи орган ҳисобланади.

19 февраль куни ИЛМА майнинг жараёнини таъминлаш мақсадида ҳисоблаш қувватларини бирлаштирувчи электрон платформани тақдим этувчи ташкилот — майнинг пул фаолияти қоидаларини тасдиқлади. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан Ўзбекистонда криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонунчилик базасини шакллантириш якунланди.