Президент маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат билан ёшлар етакчисига бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Хусусан, энди у ёшларни футболга қизиқтириш, маҳалладаги спорт иншоотларидан самарали ва тизимли фойдаланишни ташкил этиш, аёллар ва эркакларнинг турли ёш тоифалари бўйича «маҳалла терма жамоалари» шакллантиришга масъул бўлади.

Ушбу ишлар маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамкорликда амалга оширилади, ёшлар етакчилари инфратузилмани ривожлантириш, спорт инвентарлари билан таъминлаш ва қўшимча шароит яратиш бўйича таклифлар киритади.

Унинг вазифалари қаторига, шунингдек, ҳудуддаги ёш иқтидорли футболчиларни аниқлаш ҳамда уларни профессионал футбол таълим муассасаларига йўналтириб бориш ҳам киради.

Футбол бўйича маҳалла терма жамоаларининг 12−15 ёш тоифалари ўртасида икки босқичли «Маҳалла лигаси» ўтказилади. Бундан ташқари:

  • 16−30 ёш тоифалари ўртасида уч босқичли ДХХ кубоги мусобақаларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади;
  • ҳар йили 1 январгача маҳаллаларда ўтказиладиган футбол мусобақалари, чемпионат ва турнирларнинг алоҳида йиллик календарь режаси тасдиқлаб борилади.

2024/2025 ўқув йилигача «Маҳалла лигаси» мусобақаларида ўзини намоён этган энг иқтидорли футболчи ёшларни саралаб олиш (селекция) орқали ҳудудий футбол ва спорт мактаблари ҳамда футбол академияларига йўналтириб бориш тизими, 2024 йилдан барча мактабларда 8−11-синф ўқувчилари орасидан бир нафар мактаб футбол етакчисини танлаб олиш тизими йўлга қўйилади.

Қарорда ёзилишича, маҳаллаларда намунавий типдаги спорт иншоотларини барпо этишда жамоавий спорт турларига устунлик берилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга бағишланган тақдимот билан танишган, унда мавжуд стадион ва майдонлардан самарали фойдаланиш, улар мавжуд бўлмаган жойларда эса ДХШ асосида янгисини қуриш бўйича топшириқлар берган эди.