Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида барпо этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди.

Расмий хабарда айтилишича, Ёшлар боғи пойтахт атрофида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ташкил этилган «яшил белбоғ»нинг муҳим қисми бўлади.

Боғнинг майдони 75 гектардан ошади, у шаҳарда ҳудуд жиҳатдан Янги Ўзбекистон боғидан кейин иккинчи ўринда туради.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади. Шунингдек, экстремал спорт турлари учун майдонлар мавжуд бўлади.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Боғда очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади.

Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқ чинори, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади.

Яна бир жиҳат — боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Ёшлар боғи кунига 50 минг ташриф буюрувчига хизмат кўрсатиши мумкин. Лойиҳанинг дастлабки қиймати 92 миллион доллар, фойдаланишга топшириш муддати — 2026 йил.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Қурилиш компанияси (номи келтирилмаган) бош муҳандиси Зиёвуддин Акбаровнинг айтишича, таҳлилларга кўра, боққа келувчиларнинг асосий қисми Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари аҳолиси ҳисобланади. Аммо у ерга шаҳарнинг бошқа жойларидан ҳам одамлар келади.

«Чунки айни вақтда экологик муаммолар мавжуд ва бу ҳудуд шаҳарнинг ўпкасидек бўлади. Ушбу лойиҳада боғдорчилик ва ўсимликларни етиштиришнинг барча янги технологияларидан фойдаланамиз. Бу боғни 7 қисмга ажратамиз — кириш, кейин фудкортлар жойлашган марказий қисм, Pepsi ҳудуди, фаол спорт турлари, 15 ёшгача бўлган болалар учун фаол спорт турлари, дам олиш зонаси мавжуд», — дейди у.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Туркиялик архитектор Шефик Искандарўғлунинг айтишича, 75 гектар майдоннинг 50 гектарида «Тошкент аҳолисининг 70 фоизини тоза ҳаво билан таъминлашга қодир» яшил зоналар ташкил этилади.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Лойиҳа архитектори, Тошкент шаҳрининг собиқ бош архитектори Нуриддин Сагатовнинг таъкидлашича, боғнинг 10 гектар майдони томорқа ва иссиқхоналар сифатида ташкил этилиб, участкаларга бўлинади. Маҳаллий аҳоли уларни ижарага олиб, у ерда гуллар, кўчатлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши, кейин эса ташриф буюрувчиларга ишлаб чиқариш жараёнини кўрсатиши ва ўз бренди остида маҳсулотларни сотиши мумкин бўлади.

«Бу ҳам боғни сақлаш учун тушадиган тушум, ҳам боғ одамлар билан ўзаро чамбарчас ҳолда ишлаши керак. Боғ фақат ташриф буюрувчилар учун бўлмаслиги керак, боғ аҳоли, одамлар билан ягона организм бўлиб яшаши керак», — деди у.

ёшлар боғи, тошкент, яшил ҳудудлар

Унга кўра, кираверишда 1000 та дарахтдан иборат хиёбон, шунингдек, чинорлар хиёбони ва гул боғи ташриф буюрувчиларни кутиб олади. Марказий қисмда очиқ амфитеатр ташкил этилади ва унинг атрофида 7 та иқлим зонасига бўлинган дарахтлар экилади.

Умуман олганда, Ўзбекистонда 347 гектар майдонда яшил ҳудуд, шунингдек, вазирлик ва ҳокимликларнинг 187 та истироҳат боғлари ташкил этилган.