19 март куни Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Сергели туманида ташкил этилаётган Ёшлар боғига кўчат ўтқазди. Президент матбуот хизмати жараёндан сурат ва видеоларни эълон қилди.

Тадбирда Тошкент шаҳри жамоатчилиги, давлат ташкилотлари ва дипломатик корпус вакиллари, ёшлар ҳам иштирок этиб, дарахт экди. Президент боғ лойиҳасида қатнашаётган инвестор ва лойиҳачилар, чет эллик дипломатлар билан мулоқот қилди.

«Халқимиз қаерда бўлса, дарахт экишга интилган. Амир Темур Самарқанд атрофида сўлим боғлар барпо этган, бошқа шаҳарларни ҳам обод қилган. Буюк боболаримизга муносиб бўлиб, бу ишларни қилаяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

У боққа келган юртдошлар билан суҳбатлашиб, уларни Наврўз байрами билан табриклади.

Ёшлар боғининг майдони 75 гектардан зиёд бўлиб, ҳудуди жиҳатидан Тошкентда «Янги Ўзбекистон» боғидан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Боғ еттита катта ҳудудга бўлинади. Марказий хиёбонда турли майдонлар, минг ўринли очиқ амфитеатр, миллий ва халқаро гастрономик зоналар барпо этилади.

Боққа биринчи босқичда минг тупдан зиёд каштан, эман, шарқ чинори, қизил куртак, магнолия, гужум каби манзарали дарахтлар ҳамда бута ва гуллар экилади. Лойиҳа якунига қадар уларнинг сони 20 минг тупга етади. Яна бир эътиборли томони, бу боғда табиийлик, ўрмон шакли, экзотик манзара ҳосил қилинади. Боғ фойдаланишга топширилиши билан 350 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.

Очиқ ҳавода овқатланиш ва қизиқарли машғулотлар учун алоҳида жойлар бўлади. Мусиқий фавворалар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, санъат кўргазмалари ва лазер-шоу имкониятлари яратилади. Болалар учун спорт ва ўйин майдонлари, машҳур эртаклардаги қишлоқлар, устахона, кутубхона ташкил этилади. Сунъий кўл, каноэ ва сузиш ҳавзаси, балиқ ови дам олувчиларга ҳузурбахш бўлади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Фото

ёшлар боғи, президент, шавкат мирзиёев, яшил боғ