Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистондаги энг йирик ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг хусусийлаштирилиши бўйича келишувни ўрганмоқда. Бу ҳақда 20 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида (АОКА) ўтказилган матбуот анжуманида қўмита раиси ўринбосари Фаррух Карабаев маълум қилди.

«Рақобат тўғрисидаги қонун талабларидан келиб чиқиб, бозор концентрациясини назорат қилиш нуқтаи назаридан [Рақобат қўмитасидан — таҳририят] олдиндан розилик олиш масаласи бор. Лекин айрим ҳолатларда истисно тариқасида бу механизм қўлланмайди. Шунинг учун биз ҳам бу вазиятни ўрганяпмиз. Агар бу ҳолатда инвестор [Petroleum Technology Group] томонидан тегишли қонун ҳужжатларига таъсир аниқланса, қонунчиликка асосан иш кўрамиз», — деди Фаррух Карабаев.

Маълумот ўрнида, иқтисодий концентрация устидан давлат назорати Рақобат тўғрисидаги қонуннинг 26-моддаси билан тартибга солинади. Унда иқтисодий концентрация устидан давлат назорати иқтисодий концентрацияга олдиндан розилик бериш орқали ваколатли давлат органи (Рақобат қўмитаси) томонидан амалга оширилиши айтилади. Истисно тариқасида эса модданинг талаблари баъзи ҳолларда, жумладан, давлат иштирокидаги корхоналарнинг қўшиб юборилишига ёки қўшиб олинишига ёхуд уларнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг (улушларнинг) олинишига доир битимлар президент қарорига биноан амалга оширилган ҳолларга татбиқ этилмаслиги айтилади.

Қўмита раиси ўринбосарининг таъкидлашича, акциялар пакетини сотиш бўйича бундай битимлар Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши туфайли кўпайиб бормоқда, шунинг учун ҳам иқтисодий концентрация ўзгариб бормоқда. У, шунингдек, UNG Petro хусусийлаштирилиши бўйича савол билан Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳозирча битим тафсилотларини маълум қилганича йўқ (UNG Petro қачон қанча сумма ва қандай шартлар асосида хусусийлаштирилгани маълум эмас). Аввалроқ «Газета.uz» Давактив матбуот хизмати билан боғлана олмаётгани ҳақида ёзганди. Ungpetro.uz сайти ўз фаолиятини тўхтатган, ижтимоий тармоқлардаги охирги пости эса январь ойи бошида эълон қилинган.

«Бугунги кунда Рақобат қўмитаси, унинг фаолияти ва ваколатлари билан боғлиқ масала ўрганилмоқда. Ҳозир мен [қўмитанинг] аниқ бир фикр айта олмайман, аммо [вазиятни] ўрганиб чиққанимиздан сўнг ўз хулосамизни берамиз», — дея жавобини якунлади Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари.

Март ойи бошида Данияр Камиловга (собиқ ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловнинг ўғли) тегишли Petroleum Technology Group компанияси (устав капитали — 100 млн сўм) Ўзбекистондаги энг йирик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи бўлган UNG Petro`нинг (устав капитали — 265 млрд сўм) эгасига айлангани хабар қилинганди.

2022 йил охирида UNG Petro 69 та бензин қуйиш шохобчаси, 6 та газ қуйиш шохобчаси ва 2 та газ тўлдириш компрессор шохобчасига (жами 77 та ёқилғи қуйиш шохобча) эгалик қиларди. Хусусийлаштириш режалари эълон қилинган 2023 йилнинг май ойида UNG Petro`нинг 78 та ёқилғи қуйиш шохобчаси борлиги қайд этилганди.

Аввалроқ «Газета.uz» очиқ маълумотлар асосида хусусийлаштирилган тармоқнинг тахминий миқдорини ҳисоблаб чиққанди. Унга кўра, Petroleum Technology Group томонидан хусусийлаштирилган «Ўзбекнефтгаз»нинг 80 та ёнилғи қуйиш шохобчасининг нархи камида 100 млн доллар бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Petroleum Technology Group аввалроқ «Ўзбекнефтгаз»га қарашли Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи эгасига ҳам айланганди.