19 март куни Шавкат Мирзиёев Яккасарой туманидаги йўловчи вагонлар қуриш ва таъмирлаш заводига ташриф буюрди.

Аввалроқ ёзганимиздек, давлат раҳбари заводда ишлаб чиқарилган вагонларни кўздан кечирди. Уларнинг дизайнини ўзгартириш ва йўловчилар учун қулайликларни яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

«Дизайнерлар, инженерлар [учун танлов] эълон қилиб, вагон ичкарисини ҳам арзонлаштирсак бўлади, металларни ҳам бошқатдан кўриб чиқса бўлади, коридоримизни ҳам кўриб чиқсак бўлади. Ичидаги кўп нарсаси ўзгармаган. Тўғри, хавфсизлик бўйича тушиб кетмаслиги учун бир нарсалар қўйибсизлар, лекин уни ҳам енгиллаштирса бўлади. Тендер қилинглар. Шундай бўлиши керакки, буни кўргандан Янги Ўзбекистон сезилиши керак. Одамлар Янги Ўзбекистон вагонини кўриб, руҳланиши керак», — деди у.

Давлат раҳбари темирйўл тармоғини электрлаштириш, кўп аҳолили туманларни қамраб олиш ва саноат учун алоҳида қувватлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

«Ўзбекистон темир йўллари» бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаевнинг таъкидлашича, мавжуд электропоездларнинг узунлиги 18 метрни ташкил этади, завод буни 22 метрга етказмоқчи. Ҳозирда бундай поездлар Ховос ва Бўстонлиқ туманларига қатнамоқда.

«Ўзи арзимаган 8 дона электропоездимиз бор Ўзбекистон давлатида. Лекин ҳозир [президент] жуда катта топшириқ бердилар, заводнинг ишлаб чиқариш қуввати бир йилда 50 та эди, президент бизга 100 та вагон ишлаб чиқарасан, деб топшириқ бердилар. Бунинг учун уч сменада иш ташкил қилинади. Энг асосийси, бунинг бозори бор. Давлатимиз, шахсан юртбошимизнинг ўзлари бизларга бунинг бозорини қилиб бердилар. „Ўзбекистон темир йўллари“ буларни сотиб олади, бундан ташқари, қўшни давлатларга экспорт қилинади», — дейди Зуфар Нарзуллаев.

Давлат раҳбарига, шунингдек, 2024 йилда электропоездлар ва метро поездлари ишлаб чиқаришга оид янги лойиҳа ҳам тақдимот қилинди. Бундай поездлар минтақада биринчи марта ишлаб чиқарилади.

зуфар нарзуллаев, метро поездлари, ўзбекистон темир йўллари, шавкат мирзиёев, электропоездлар

Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири Рустам Раҳимовнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда вилоятлар бўйлаб электр поезди йўлга қўйиш режалаштирилган. Поезднинг тезлиги 120 км, ўриндиқлар сони 306 та бўлади. Кейинги босқичда шаҳарлараро поездлар ҳаво қаршилигини енгишда ҳам «энергия сарфламаслик» учун аэродинамикани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

«Барча илмий ёндашувлар Тошкент давлат транспорт университети профессор-ўқитувчилари томонидан, амалий ва ишлаб чиқариш жараёнлари эса ушбу завод конструкторлари, технологлари томонидан амалга оширилмоқда», — деди Рустам Раҳимов.

Унинг сўзларига кўра, метро поездлари ишлаб чиқаришда уларнинг имкониятларини оптималлаштириш ҳисобига янги техник ечимлар кўриб чиқилмоқда.

«Бош вагонда 34 та ўриндиқ бўлса, оралиқ вагонда 44 та ўриндиқ бўлади. 10 та одам 1 метр квадратга тўғри келганда ҳам, бизда мустаҳкамлик талаблари бемалол бажарилади. Бугунги кунда ишлаб чиқаришни бошласак, 40−45 фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришимиз маълум бўлди. Кейинчалик маҳаллийлаштириш фоизини кўтариб борамиз», — деди у.

зуфар нарзуллаев, метро поездлари, ўзбекистон темир йўллари, шавкат мирзиёев, электропоездлар

Зуфар Нарзуллаевнинг таъкидлашича, Россиядан электр поездлари 7,8 миллион долларга ва метро поездлари эса 5,8 миллион долларга сотиб олинади. Унинг сўзларига кўра, заводда метро поездларини 4,5 миллион доллар нархда ишлаб чиқариш бошланган, уларнинг биринчи партияси олти ойдан кейин чиқарилади. Электр поездларининг нархини эса 7,8 миллион доллардан 5 миллион долларгача қисқартириш режалаштирилмоқда.

«Бу 5 миллион доллар ичида қўшилган қиймат солиғи пайдо бўлади. Бундан ташқари, 650 та эмас, 2000 та ишчи ходимлар ишлайди бу заводда», — деди у.

Бу йил юзлаб вагонларни қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, тоғ-кон ва металлургия корхоналари учун махсус вагонлар ишлаб чиқариш (Навоий КМК учун 15 та махсус вагон) ва кенг купега эга вагонларнинг янги турларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.