Тошкент-Хива йўналишига Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясининг юқори тезликдаги электропоездлари қўйилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевга 19 март куни Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводига ташрифи давомида Тошкент-Хива йўналишига қўйиладиган тезюрар поезд ҳақида ахборот берилди.

«Президент бу ҳақда 2022 йилда Хоразмда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг очилиш маросимида айтган эди. Бу учун Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясидан юқори тезликдаги электропоезд олиб келиниши мўлжалланган. 7 вагонга эга электропоезд 351 та ўриндиққа эга бўлади. Соатига 250 километр тезликда ҳаракатлана олади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги қарорида 2023−2026 йилларда темирйўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш доирасида Ўзбекистон Жанубий Корея ва Чехиядан электропоездлар харид қилишни режалаштираётгани маълум қилинган.

Қарорга кўра, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси октябрь ойида Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси билан 6 та тезюрар электр поезди харид қилиш бўйича тўғридан-тўғри шартнома имзолаши лозим эди.

Шу мақсадда ноябрь ойида Корея Иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик фонди (EDCF) ҳисобидан 35 йил муддатга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли давр билан 185 млн евро миқдорида йиллик 0,1 фоизлик кредит жалб этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ҳужжат билан Транспорт вазирлиги ва ЎТЙга Чехиянинг Škoda Transportation компанияси билан 30 та электропоезд етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузиш топшириғи берилган. Шу мақсадда Чехия банкларидан 350 млн евро миқдорида йиллик 5,5 фоиз ставкада 15 йил муддатга, жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар жалб этиш режалаштирилган.

Барча кредитлар Ўзбекистон номидан ва давлат кафолати остида имзоланади, дейилади ҳужжатда.

2023 йил апрель ойида Ўзбекистон раҳбарияти билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиш чоғида Чехия бош вазири Петр Фиала Škoda Transportation компанияси 34 та замонавий поезд етказиб бериш бўйича тендерда иштирок этаётгани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2018 йилда Hyundai компаниясини Тошкент ва Самарқанд ўртасида юқори тезликда ҳаракатланиш таркибини ташкил этишга жалб қилишни режалаштирган. Лойиҳа 1 млрд долларга баҳоланди. Томонлар электропоездлар етказиб бериш масаласини ҳам муҳокама қилди, аммо якунда «Ўзбекистон темир йўллари» Ўзбекистон учун Afrosiyob поездларини ишлаб чиқарган Испаниянинг Talgo компаниясини танлади.

Hyundai Rotem Hyundai Motor Group таркибига киради, у 1979 йилда ташкил этилган. Ўшандан бери у поездлар ва трамвайларнинг етакчи етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг поездлари 50 дан ортиқ мамлакатда, жумладан, АҚШ, Янги Зеландия, Австралия ва Канадада қўлланади. Марказий Осиёда Hyundai Rotem маҳсулотлари Қозоғистон томонидан қўлланади — компания поездлари Олмаота метросига хизмат қилади.

Škoda Transportation гуруҳи 1995 йилда Пльзень шаҳрида ташкил этилган. Темирйўл локомотивлари, метро вагонлари, шаҳар электр поездлари, шунингдек, трамвайлар, троллейбуслар, автобуслар, двигателлар, тортиш ускуналари ишлаб чиқаради. Конгломерат темирйўл ва жамоат транспортини модернизация қилиш билан ҳам шуғулланади. Бренд 14 давлат, жумладан, Польша, Хитой ва АҚШ билан ҳамкорлик қилади.

Президент 19 март куни борган заводда 16 турдаги йўловчи вагонлари ишлаб чиқарилади ва таъмирланади. 2023 йили корхонада 32 та йўловчи вагони тайёрланиб, 319 таси таъмирланган. Кооперация орқали эҳтиёт қисмларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган.

Аввалги йилларда 300 дан зиёд йўловчи ва техник хизмат вагонлари ишлаб чиқарилиб, 50 дан ошиғи экспортга юборилган. Бундан ташқари, 112 та метрополитен вагонлари модернизация қилинган.

«Улар 28 йил давомида фойдаланишга мўлжалланган ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради, йўловчилар учун ҳар томонлама қулай, юқори сифат ва хавфсизликка эга», — дейилади хабарда.

Вагонларда иситиш ва совитиш тизимлари, ҳаво айланиши яхшиланган. Сув иситиш ускунаси ҳам электр энергиясида, ҳам кўмирда ишлашга мўлжалланган. Йўловчиларни тоза ва салқин ичимлик суви билан таъминлаш, телефон қувватини тўлдириш учун махсус мосламалар ўрнатилган. Заводда 619 нафар муҳандис-ишчи ишлайди.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Президент ташрифи давомида вагонларга чиқиб кўрди. Уларнинг дизайнини ўзгартириш, йўловчиларга қулайликларни ошириш зарурлигини таъкидлади. Электр поездлар тармоғини кенгайтириб, аҳоли кўп туманларга олиб бориш, соҳанинг алоҳида генерация қувватларини ташкил этиш бўйича топшириқлар берди.

hyundai rotem, тошкент-хива

2024 йилда яна юзлаб вагонларни қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, кон-металургия корхоналари учун махсус вагонлар қуриш, кенг купели янги турларни ўзлаштириш кўзда тутилган. Шу ерда президент заводда режалаштирилаётган янги йўналиш — электр ва метрополитен поездлари лойиҳасини кўриб чиқди.

hyundai rotem, тошкент-хива