Дефектолог, логопед Дилором Жабборовага нисбатан дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани ортидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.

Ўтган йилнинг декабрь ойида у Жиззах шаҳрида ўтказилган семинар давомида бир болани даволаётгани акс этган видео тарқалган ва ҳолат омбудсман назоратига олинганди.

Қайд этилишича, Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўров асосида дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўрганиш ўтказган.

Натижада педагогнинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, Жабборованинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган, дейилади омбудсман хабарида.

Экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида унинг ҳаракатларида алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган.

27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Дилором Жабборованинг Instagram саҳифасида 538 минг обуначиси бор, YouTube`да эса уни 25 мингдан, Telegram`да 8000 мингдан ортиқ киши кузатади.