18 март куни соат 10:30 атрофида Бухоро вилояти Когон туманида автобус ва юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Қайд этилишича, тартибга солинган чорраҳада 33 ёшли ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 40 ёшли ҳайдовчи М.М. бошқарувидаги юк автомобили тўқнашган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг маълум қилишича, 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчилари 2 та автобусда Бухоро шаҳридаги драма театрига бораётган бўлган, улардан бири ЙТҲга учраган.

ЙТҲ оқибатида бир нафар ўқувчи воқеа жойида вафот этган, яна бир киши тан жароҳати олган. 25 нафар йўловчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўқувчилар Бухоро ва Когон шаҳарлари ҳамда Когон туманидаги тиббиёт муассасаларида тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

автобус иштирокидаги йтҳ, йтҳ

Ўзини таништиришни истамаган, Когон туманидаги 5-мактабда таҳсил оладиган ўқувчининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, автоҳалокат унинг кўз ўнгида содир бўлган.

«Тўғриси, биз истамасак-да, Бухоро вилояти драма театрига ўз ҳисобимиздан томошага олиб кетишаётган эди. Ўғил болаларни бошқа автобусга, қиз болаларни бошқа автобусга жойлаштиришди. Бизнинг автобус автоҳалокатга учраган автобуснинг орқасидан кетаётган эди. Кўз олдимизда шунақа даҳшатли тўқнашув бўлдики, эс-ҳушимизни йўқотаёздик. Ахир у автобусда бизнинг ўғилбола синфдошларимиз бор эди», — деди ўқувчи қиз.

Ҳолат юзасидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади ЙҲХХ хабарда.

Мактаб вазирлиги суриштирув натижаларига кўра воқеага жавобгар тизим масъулларига нисбатан ўрнатилган тартибда тегишли чоралар қўлланилишини билдирди. Шунингдек, Бош прокуратура ахборот хизмати «Газета.uz»га ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.