Бир неча ҳафтадан бери Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофидаги ажратувчи оролчаларга ўрнатилиши кутилаётган реклама мониторлари конструкцияси «Газета.uz» мақоласидан бир неча соат ўтиб, тунда демонтаж қилинди.

маданий мерос, ташқи реклама, тошкент

Маданий мерос объектлари, Президент администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари бинолари ва бошқалар рекламадан холи бўлиши белгиланган ҳудудлар экани, ўз навбатида, ташқи реклама объектларини рекламадан холи бўлиши белгиланган ҳудудлар чегарасидан 50 метр масофада ўрнатиш тақиқлангани ҳақида ёзгандик.

Амир Темур хиёбонида еттита маданий мерос объекти мавжуд. Бундай объектлар — тарихий банк биноси ва Тошкент курантлари олдида камида иккита реклама конструкцияси ўрнатилиши режалаштирилганди.

маданий мерос, ташқи реклама, тошкент

Шунингдек, учбурчак шаклидаги иккита оролчада дастлаб 2 метрдан баланд бўлган оқ тўсиқлар пайдо бўлгани, бу эса ҳайдовчиларнинг кўриш кенглигини тўсиб қўйгани ва хавфли вазиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаганмиз.

маданий мерос, ташқи реклама, тошкент

Ҳозирча вазият юзасидан расмий изоҳ берилмади. 19 март куни тонгда «Газета.uz» мухбирлари реклама конструкцияси демонтаж қилингани ва унинг қисмлари олиб кетилганига гувоҳ бўлди. Курант яқинидаги иккинчи оролчада эса тўсиқлар ҳалигача олиб ташланмаган.

Таъкидлаш керакки, хиёбон атрофидаги ҳудуд узоқ вақтдан бери ўзгаришларга муҳтож, аммо ўзгаришлар уни инсонлар учун қулайлаштиришни назарда тутади. Аввало, у ерда светофори бор, хавфсиз ерусти ўтиш жойлари керак. Бир вақтлар эса улар ерости ўтиш йўлларига алмаштирилган ва бу билан ўн минглаб пиёдаларнинг ҳаёти қийинлаштирилганди.