Тошкентдаги Амир Темур хиёбони атрофидаги ажратувчи оролчаларга, ушбу ҳолат қонунчиликка зид бўлишига қарамай, ташқи реклама конструкциялари ўрнатилмоқда.

«Газета.uz» мухбирлари бу ердаги тайёргарлик ишларини февраль ўрталаридаёқ пайқаган эди. Учбурчак шаклдаги иккита оролчада дастлаб 2 метрдан баланд бўлган оқ тўсиқлар пайдо бўлди. Бу тўсиқлар ҳайдовчиларнинг кўриш кенглигини тўсиб қўйган ва хавфли вазиятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин эди.

ташқи реклама, тошкент

Айлана шаклдаги битта реклама объектининг қолипи хиёбоннинг Мустақиллик шоҳ кўчасига туташ қисмида («Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг тарихий биноси орасида)ги оролчага ўрнатиб бўлинган. Курант олдидаги иккинчи конструкция ўрни эса ҳозирча фақат оқ тўсиқ билан ўраб қўйилган.

Шунга ўхшаш айланасимон, лекин бундан каттароқ ўлчамдаги ташқи реклама қурилмаси бир неча йил аввал Grand Mir (собиқ «Россия») меҳмонхонаси олдидаги транспорт айланасига ҳам ўрнатилган эди.

Ушбу янги реклама конструкцияларини ўрнатиш Ўзбекистоннинг реклама соҳасидаги қонунчилигига зид. Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида ҳукумат қарорига мувофиқ, ташқи реклама объектларини рекламадан холи бўлиши белгиланган ҳудудлар чегарасидан 50 метр масофада ўрнатиш тақиқланади.

Президент администрацияси, Олий Мажлис палаталари, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бинолари, маданий мерос объектлари ва бошқалар рекламадан холи бўлиши белгиланган ҳудудлар ҳисобланади.

Банкнинг тарихий биноси тараф.Банкнинг тарихий биноси тараф.

Амир Темур хиёбонида еттита маданий мерос объекти бор. Булар — Амир Темур ҳайкали, Темурийлар тарихи музейи, Тошкент давлат юридик университетининг ҳар иккала биноси, Фотосуратлар уйи, Тошкент курантлари, шунингдек, «Ўзсаноатқурилишбанк» биноси ва собиқ Ёзувчилар уюшмаси биноси.

«Ўзбекистон» меҳмонхонаси тараф.«Ўзбекистон» меҳмонхонаси тараф.

Ишчилар дастлаб биринчи оролчадаги майсазорга бетон қуйди. Орадан маълум вақт ўтиб, пойдевор йўқолди. Март ойи бошида оролчада яна оқ тўсиқ пайдо бўлди, кейинроқ эса қайта қуйилган пойдеворга айланасимон қурилма ўрнатилди.

Курант олдидаги бўлажак реклама объекти ўрни.Курант олдидаги бўлажак реклама объекти ўрни.

Ўрнатиб бўлинган биринчи объект ҳам, ўрнатилажак иккинчи объект ҳам 7MediaGroup компаниясига тегишли. Буни компания сотув бўлими «Газета.uz»га тасдиқлади.

Компания сайтида келтирилган маълумотларга кўра, у пойтахтда 50 та LED-мониторга, хусусан, «президент трассаси»даги конструкцияларга ҳам эгалик қилади. Улар орасида Оққўрғон кўчасининг Мустақиллик шоҳ кўчаси билан кесишмасидаги, Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак йўли, Нукус ва Истиқбол кўчалари кесишган чорраҳалардаги улкан мониторлар ҳам бор.

Панелларни ўрнатиш жараёни, 18 март оқшоми.Панелларни ўрнатиш жараёни, 18 март оқшоми.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, компанияга тегишли аксарият мониторларнинг ўлчамлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти ишлаб чиққан дизайн-кодда белгиланган ҳажмдан катта. Ушбу дизайн-код халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан тасдиқланган. Шаҳар ҳокими томонидан ушбу қоидаларнинг кучга киритиш тўғрисидаги қарор имзоланиши кутилмоқда.

ташқи реклама, тошкент

Тошкентда ташқи реклама бозорини тартибга солиш билан Рақамли ривожланиш департаментининг «Ташқи реклама» лойиҳа офиси шуғулланмоқда. Лойиҳа офиси мутахассислари аввалроқ «Газета.uz»га берган интервьюсида шаҳарни визуал чиқиндидан тозалаш режалари ва бу мақсадни рўёбга чиқаришга халал бераётган муаммолар ҳақида сўзлаб берганди.

ташқи реклама, тошкент

Амир Темур хиёбонига туташ Сайилгоҳ (Бродвей) кўчасининг ТДЮУнинг икки биноси орасидаги қисмида Pepsi компаниясининг арка кўринишидаги ташқи рекламаси ўрнатилган. Юқорида қайд этилганидек, университет бинолари ҳам маданий мерос объектлари ҳисобланади.

ташқи реклама, тошкент

«Газета.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда реклама констуркцияларини қонуний йўл билан демонтаж қилишга тайёргарлик кўриш бўйича маъмурий жараёнлар олиб борилмоқда.