Ўзбекистонда табиий ва суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича монополияни бекор қилиш ва паст босимли газ тақсимлаш тармоқларини бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бу 2024 йилги давлат дастуридан ўрин олган.

Апрель ойининг охиригача Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирликларига табиий ва суюлтирилган газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Ишлаб чиқилган тартиб асосида 2024−2025 йилларда хусусий секторга ўтказиш учун «пилот» ҳудудларни аниқлаш режалаштирилган.

Июль ойи охирига қадар салоҳиятли компаниялар билан музокаралар олиб бориш ва ушбу ҳудудлардаги газ тақсимлаш тармоқларини аниқ шартлар асосида хусусий секторга ўтказиш белгиланган.

Газ тақсимлаш тармоғи — газ тақсимлаш тизимининг аҳоли яшаш жойларидаги (шаҳар, қишлоқ ва бошқалар), шу жумладан, қишлоқлараро ташқи газ қувурларидан иборат, газ тақсимлаш станциясининг чиқишдаги ўчириш қурилмасидан ёки газнинг бошқа тармоғидан газ истеъмоли объектидаги кирувчи газ қувуригача бўлган технологик мажмуаси. Газ тақсимлаш тармоғига газ қувуридаги иншоотлар, электро кимёвий ҳимоя воситалари, газ тартиблаш пунктлари ва шкафли газ тартиблаш пунктлари киради.

Февраль ойида президентга Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинган эди. Жумладан, газ ва электр энергияси тарифларини ислоҳ қилиш ва 1 апрелдан ижтимоий нормаларни жорий этиш, 49 миллиард долларлик электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномаларни қайта расмийлаштириш, Самарқанд шаҳрида электр энергиясини тақсимлаш ва сотишга инвесторларни жалб қилиш ва бошқалар режалаштирилган. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 октябрига қадар камида бешта туманда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш функциясини хусусий операторга ўтказиш мақсад қилинган.