Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистонда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини тақдимот қилди.

Эслатиб ўтамиз, президент 13 февраль куни бешта асосий йўналиш — транспорт, урбанизация ва шаҳарсозлик, тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишганди.

«Газета.uz» томонидан ўрганилган тақдимотда таъкидланишича, асосий электр инфратузилмасини модернизация қилиш учун 5 миллиард доллар, газ ташиш тизимига 2,5 миллиард доллар, тақсимлаш тизимига эса 3−4 миллиард доллар инвестиция керак.

Инвестицияларни жалб этиш, инвесторларга қулайлик яратиш ва ишончини мустаҳкамлаш бўйича тўртта йўналишда чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Биринчиси — қонунчиликни такомиллаштириш. 1 июлга қадар электр энергиясини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва сотиш, шунингдек, энергия бозори регуляторини яратишга хусусий капитални жалб қилиш механизмини назарда тутувчи янги таҳрирдаги (ҳозиргиси 2009 йилда қабул қилинган) «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш режалаштирилган. 1 апрелга қадар газ ва электр энергияси учун тарифларни ҳисоблашнинг янги методологияси тасдиқланиши, 1 майга қадар эса газ бозорини ислоҳ қилиш концепцияси ишлаб чиқилиши керак.

Энергия регуляторининг норматив-ҳуқуқий базасини яратиш учун 1 апрелга қадар бозор иштирокчиларини лицензиялаш тартибини, 1 июлга қадар магистрал ва тақсимловчи электр тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш режалаштирилган.

1 ноябрга қадар «Рақобатбардош энергия бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қонунни ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Иккинчи йўналиш — бозор ислоҳотларини амалга ошириш. 1 июлга қадар давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида «Ўзэнергосотиш»нинг 49 миллиард долларлик электр энергиясини харид қилиш бўйича 38 та шартномани қайта расмийлаштириш режалаштирилган. Гап, катта эҳтимол, давлат 25 йил давомида (ва бошқа муддатларда) электр энергиясини сотиб олишни кафолатлаш мажбуриятини ўз зиммасига олган муқобил энергетика соҳасидаги ДХШ лойиҳалари ҳақида кетмоқда.

1 апрелдан аҳоли учун газ ва электр энергияси тарифларини «ислоҳ қилиш» ва ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилган. Ноябрь ойида аҳолининг эҳтиёжманд қисмига бир марталик ёрдам тўланиши кутилмоқда. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куз бошида Ўзбекистон аҳолиси учун электр энергияси ва газ нархини 2024 йил 1 майдан ошириш режалаштирилаётганини айтганди. Шу билан бирга, ижтимоий нормаларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Лекин аввал узлуксиз электр етказиб беришни таъминлаш керак, деганди у.

1 майга қадар газни ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча босқичларда ҳисоблагичлар ўрнатишни якунлаш керак. Ишлар 1 октябргача, солиқ органлари тизими билан интеграциялаш эса 1 ноябргача якунланиши керак эди.

1 октябрга қадар камида бешта туманда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш функциясини хусусий операторга ўтказиш режалаштирилган.

Учинчи йўналиш — инвестицияларни жалб қилиш. 1 апрелга қадар 2030 йилгача электр энергетикаси саноатини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши кутилмоқда (ҳозирда бир нечта вариант мавжуд).

Жаҳон банки билан биргаликда 1 майгача ДХШ доирасида қурилаётган қуёш электр станцияларини ягона электр тармоғига улаш учун инфратузилмани таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

1 июнгача Самарқанд шаҳрида ДХШ доирасида электр энергиясини тақсимлаш ва сотиш бўйича инвесторларни жалб қилиш бўйича тендер ўтказилади. Лойиҳа Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

1 апрелга қадар «Ўзбекнефтгаз»нинг 85 та газ конида газ қазиб олишни барқарорлаштириш дастурини амалга ошириш ва компаниянинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган.

Қайд этилишича, 2023 йилда Ўзбекистонга 350 миллион долларлик нефть, 118 миллион долларлик дизел, 78 миллион долларлик мазут ва 99 миллион долларлик бошқа ёқилғи маҳсулотлари импорт қилинган.

1 июнга қадар «Ўзтрансгаз» газ ташиш тизимини модернизация қилиш дастури ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Тўртинчи йўналиш — давлат корхоналарини трансформация қилиш. 1 апрелга қадар барча энергетика корхоналарининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. «Ўзбекнефтгаз» раисининг биринчи ўринбосари ва бош геолог лавозимларига хорижлик мутахассислар жалб этилиши кутилмоқда.

1 майгача давлат корхоналарида корпоратив харидлар, бюджетлаштириш ва инвестицияларни режалаштиришнинг янги тизими жорий этилиши керак.

Жаҳон банкининг iCRAFT дастури доирасида қуйидагилар учун 45 миллион доллар ажратиш режалаштирилган:

  • энергетика соҳасида ислоҳотлар — 20 миллион доллар;
  • энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш — 5 миллион доллар;
  • аҳолининг муҳтож қисмини энегрия таъминоти билан таъминлаш — 5 миллион доллар;
  • MRV мониторинг, ҳисобот бериш ва текшириш тизими — 6 миллион доллар.

2023 йилда Ўзбекистон экспорт қилганидан кўра кўпроқ газ импортини амалга оширди. Етказиб бериш орасидаги фарқ 165 млн доллардан ошди. «Газета.uz» мамлакат ичида улкан газ захиралари бўлишига қарамай, бу ҳолат юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганишга ҳаракат қилган.