2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади. Бу ҳақдаги қарор 2023 йилнинг ноябридаги аввалги сессияда қабул қилинган. «Газета.uz» ёзганидек, тадбир 1985 йилдан буён илк бор Париждан ташқарида ўтказилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 15 март куни халқаро форумга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжатда «кейинги йилларда Ўзбекистонинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани, мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўсини янада ошириш ва мустаҳкамлашда, икки ва кўп томонлама ҳамкорликларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришда унинг муҳим платформа вазифасини ўтаб келаётгани» қайд этилган.

«2017−2023 йилларда миллий маданий мероснинг 14 та ноёб намунаси ЮНЕСКОнинг рўйхатларидан жой олиб, инсоният мероси сифатида халқаро миқёсда эътироф этилди. Бухоро шаҳри Ижодкор шаҳарлар тармоғига киритилди. 2023 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланди», — дейилади қарорда.

Қарор билан бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида ЮНЕСКО Бош конференциясига тайёргарлик кўриш бўйича ташкилий қўмита ташкил этилди.

Сессия Silk Road Samarkand сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтади. Ташкилий қўмита сессияни ўтказиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилиб боради. Хусусан, Самарқанд шаҳрида тадбирлар ўтказиладиган жойларни замонавий техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозлаш ҳамда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги объектлар ва зарур бўлган меҳмонхона фондини тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Сессия доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида маданий тадбирлар, экскурсиялар ва қабуллар ташкил этилади.

Сессиянинг Самарқанд шаҳрида ўтказилишининг аҳамияти ҳақида медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратилиши режа қилинмоқда. Уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб бориш, ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, хештег ва челленж каби усулларни қўллаш орқали кенг тарғиб қилиш чораларини кўриш кўзланган.

«Самарқанд — жаҳон тамаддунлари чорраҳасида» китоб-альбомни ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этиш, почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвимлар ва кўргазмали тарғибот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангаларнинг муомалага чиқарилишини ташкил қилинади.

Ташкилий қўмита ишчи органи Маданият ва санъатини ривожлантириш жамғармаси ҳисобланади. Сессияни ташкил этишга тайёргарлик кўриш бўйича асосий оператор «ИнтерФорум» давлат унитар корхонаси бўлади. Вазирликлар ва идораларнинг биринчи раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган топшириқлар, шунингдек, ташкилий қўмита ҳамда ишчи органнинг бошқа тезкор кўрсатмалари ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Қарорга мувофиқ, 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий ваколатхонаси штатлар жадвалига маслаҳатчи ва иккинчи котиб иккита қўшимча штат бирлиги киритилади, шунингдек, доимий ваколатхонага қўшимча битта транспорт воситасини сақлашга лимит ажратилади.

Ташкилий қўмита, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, тегишли вазирлик ва идоралар ушбу қарорга мувофиқ «давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихи, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий мероси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш» ҳамда улар билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда — сессиянинг мамлакатда ўтказилишининг аҳамиятини, шунингдек, «Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг марказларидан бирига, глобал ташаббуслар муаллифига айланиб бораётганини атрофлича очиб беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этади».

Маданий мерос агентлиги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмаларни ташкил этиш вазифаси юклатилди.