Президент ҳузуридаги Статистика агентлигига 2025−2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишларини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бу давлат раҳбарининг 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган расмий статистика соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси»да назарда тутилган.

2024 йил давомида агентлик аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини давом эттиради. Жумладан, агентликка аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлаш, 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертларнинг тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштириш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, агентлик халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида «Аҳолини рўйхатга олиш» ахборот тизимини такомиллаштириши ва рўйхатга олиш натижалари чиқувчи жадваллар намуналарини шакллантириши, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий режасини ишлаб чиқиши керак.

Аҳолини рўйхатга олиш эса 2025−2026 йилларда ўтказилиши, натижалари эса 2026−2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йил охиригача Статистика агентлиги қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни амалга оширишга доир услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш керак. Бу мамлакат аграр секторининг ҳолатини — ер участкалари ҳажми, ер эгалиги, ердан фойдаланиш турлари, майдонлар, суғориш, чорва моллари, жалб қилинган меҳнат ва бошқа қишлоқ хўжалиги ресурсларини акс эттирувчи тадқиқотдир.

2027−2028 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.

Ўзбекистонда 34 йилдан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Пандемия сабабли у 2022 йилдан 2023 йил ноябрига кўчирилганди, бироқ тадбир учун ҳалигача пул ажратилмаган.

Аввалроқ «Газета.uz» аҳолини рўйхатга олиш нима учун кераклиги, бу мамлакатларга қандай фойда келтириши ва узоқ муддат кечиктириш қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида ёзганди.