Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Пайшанба куни кириб келган совуқ ҳаво массаси ҳисобига Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ҳаво кескин совуқ бўлди, аммо бу совуқ республика ҳудудидан тез чиқиб кетмоқда ва ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди, дейди мутахассислар.

Фақат 17 март, якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15−18 м/с гача кучайиши мумкин.

Жума куннинг иккинчи ярмида ҳарорат +8…+13 даража атрофида бўлади, якшанба куни эса +15…+20 даражагача исийди.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси республика бўйича баъзи жойларда бироз совуқ сақланиб туради, якшанба куни ҳарорат кечаси +2…+7 даражагача кўтарилади. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушади.

Тоғларда ёғингарчилик кутилмайди. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Тошкент шаҳрида 15−17 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат шанба куни кечаси 0…-2, кундузи +13…+15 даража, якшанба куни кечаси +2…+4, кундузи +16…+18 даража бўлади.