БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 68-сессиясида қатнашган Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева БМТ ахборот хизмати мухбири Наргис Шекинскаяга интервью берди. Унда қизларнинг эрта турмуш қуриши ҳақида ҳам суҳбатлашилди.

«Умуман олганда бу муаммо нафақат Марказий Осиё давлатларида, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида мавжуд. Мамлакатимизда авваллари қизлар учун никоҳ ёши 17 ёш, ўғил болалар учун эса 18 ёш деб белгиланган эди. Аммо бир неча йил аввал биз қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб, қизлар учун ёшни 18 ёшга оширдик», — деди Танзила Нарбаева.

«Бундан ташқари, аввалроқ ҳокимлар ва маҳаллий ҳокимият органларига муайян шароитларда никоҳ ёшини пасайтиришга рухсат берилган эди. Аммо ҳозир бу масала қайта кўриб чиқилмоқда. Энг муҳими, у нафақат қонунчилик, балки одамларнинг тафаккури ҳам ўзгармоқда. Қизларнинг ота-онасида қизларга яхши таълим ёки касб-ҳунар бериш шарт эмас, барибир у бошқа оилага кетади, деган фикр бўлган. Бу стереотип одамларнинг тафаккурида илдиз отган, бироқ сўнгги йилларда вазият ўзгармоқда, одамлар муваффақиятли аёлларни кўриб, аёлларнинг эркаклар билан тенг меҳнат қилиши ва ўқиши мумкинлиги акс этган мисолларини кўришмоқда».

«Ҳозир ўғил болалар учун ўртача турмуш қуриш ёши 26−27 ёш, қизлар учун 23−24 ёш. Статистикага кўра, ўсиш бор. Лекин биз айрим ривожланган мамлакатлардаги каби қизлар турмуш қурмаслик, оила қилмасликни исташини хоҳламаган бўлардик. Биз 20 дан 30 гача бўлган ёшни оила қуриш ва фарзанд кўриш учун энг мақбул деб ҳисоблаймиз. Давлатимиз эса бу йўналишда иш олиб бормоқда», — деди Сенат раиси.

Аввалроқ интервьюнинг оиладаги зўравонлик ҳақида суҳбатлашилган қисмини эълон қилгандик.