Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари мактабларда бепул тушлик берилишини юзасидан иккита сўровнома ўтказди. Сўровномалардан бирининг натижалари таяниб, МҲТИ мутахассислари бепул тушлик мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга ошириши аниқланганини маълум қилди.

Инфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтиИнфографика: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

2022 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш синов тариқасида жорий этилди. Бу мақсад учун ҳар бир ҳудудга давлат буджетидан 100 млрд сўм маблағ ажратилди.

МҲТИ экспертлари Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги 40 та мактабда 4 мингдан ортиқ 1−4 синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилари ўртасида сўров ўтказди. Аниқланишича, 2022−2023 йилларда мазкур ҳудудларда мактабларда бепул овқатланиш дастурининг амалга оширилиши «қониқарли» деб топилган.

Бундан ташқари МҲТИ томонидан Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган Ўзбекистонда болалар фаровонлиги индексини баҳолашга қаратилган лойиҳа доирасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. Унда республиканинг барча ҳудудларидан 2000 дан ортиқ уй хўжалиги ва 3000 дан ортиқ бола иштирок этди. Сўров мактабларда овқатланиш дастурининг болалар давомати билан боғлиқлигини аниқлаш имконини берган.

Мактабларда бепул овқатланиш бошланғич синф ўқувчиларининг давоматига қандай таъсир қилишини баҳолаш учун «Propensity score matching» (PSM) моделидан фойдаланилган. Ушбу модель тажриба тариқасида бепул тушлик дастури қўлланилаётган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ва назорат ҳудудларида (республиканинг бошқа 12 та ҳудудлари) таққослаш учун бир-бирига ўхшаш хусусиятларга эга уй хўжаликларини аниқлаб берган.

«Ушбу икки гуруҳдаги мактабларда давомат даражаси t-test бўйича таққосланганда бепул тушлик мактабга қатнаш даражасини 8 фоизга ошириши аниқланди», — дейилади МҲТИ хабарида.

Экспертлар уй шароитида мунтазам равишда нонушта қилиш ва витаминлар, макро ва микроэлементларга бой озиқ-овқатлар, сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш каби соғлом овқатланиш одати нафақат болалар саломатлигини яхшилаши, балки мактабда дарсларни яхшироқ ўзлаштириш учун ҳам хизмат қилишини қайд этиб ўтган.

МҲТИ мутахассислари бошқа мамлакатлар ва Ўзбекистоннинг синов ҳудудларидаги (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) тажрибани ўрганиб, қуйидагиларни тавсия қилган:

Бошланғич синфлар учун мактабларда бепул овқатланиш рационини ҳар бир ҳудуднинг турмуш шароитидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш лозим.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги болалар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, болаларнинг 77 фоизи ҳар куни ёнғоқ, узум, қуритилган ўрик, сабзавот ва меваларни истеъмол қилади (Республиканинг бошқа ҳудудларида 88 фоиз). Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида болаларнинг 61 фоизи ҳар куни гўшт истеъмол қилади, бошқа вилоятларда эса бу кўрсаткич 73 фоизга тенг.

Умумий бошланғич таълим мактаблардаги болаларни (1−4 синф ўқувчиларни) кунига камида бир марта бепул иссиқ овқат билан таъминлаш учун ҳар бир мактабда ошхона ташкил этилиши керак. Хоразм вилоятидаги мактабларнинг 75 фоизи, Қорақалпоғистон Республикасидаги мактабларининг 53 фоизида мактаб ошхонаси ёки буфети бор.

Масалан, Россияда тажрибасига кўра, умумий бошланғич таълим (1−4-синфлар) мактаб дастурлари бўйича таълим олаётган барча ўқувчиларга кунига камида бир марта бепул иссиқ егулик: иссиқ овқат ва иссиқ ичимлик берилади.

Таомлар калорияси, таркиби ва оғирлиги бўйича стандартларга жавоб бериши керак. Рационда макро-микроэлементлар, витаминлар, целлюлозага бой ва биологик фаол моддалар билан бойитилган озиқ-овқатлар, шунингдек, чекланган миқдордаги ёғ, шакар ва туз бўлган овқатлар бўлиши керак.

Россия тажрибасига кўра, ушбу мамлакатда мактаб озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлари ассортименти хилма-хил бўлиб, дон ва творогдан тайёрланган овқатлар, гўшт ёки балиқ, сут маҳсулотлари (шу жумладан пишлоқ, сариёғ), тухумли озиқ-овқатлар, сабзавотлар (янги, қовурилган, қайнатилган), макарон каби маҳсулотларни ўз ичига олади. Шунингдек, макро-микроэлементлар, витаминлар, целлюлозага бой ва биологик фаол моддалар билан бойитилган маҳсулотлар, шунингдек, чекланган миқдордаги ёғ, шакар ва туз бўлган овқатлардан (ҳар бир таом учун овқатга қўшиладиган туз миқдори ҳар болага 1 граммдан ошмаслиги лозим) фойдаланиш кўзда тутилган.

Сут ва сут маҳсулотларини мактабда овқатланиш рационига киритиш натижасида камида уч йил давомида ҳар бир боланинг бўйи ва вазни ошади, касалликка чалиниш даражаси ва моддалар алмашинуви бузилиши билан боғлиқ касалликлар камаяди.

Хитой тажрибасига кўра, мамлакатда болаларнинг бўйи «Мактаб сути» дастури туфайли тез ўса бошлади. Хитойда бу дастур 2000 йилда бошланган ва 13 йил ичида аҳоли жон бошига сут маҳсулотлари истеъмоли йилига 6,7 кг дан 23,9 кг гача ошган. Уч йил давомида мактаб сутини олган ҳар бир боланинг бўйи ўртача 1,2 см ва вазни 0,6 кгга ошган. Россия тажрибасига кўра, «Мактаб сути» дастури туфайли россиялик болалар камроқ касал бўла бошлаган. Болаларда таянч-ҳаракат тизими, эндокрин тизим ва метаболик касалликлар билан касалланиш ҳолатлари камайган.

Мактабда овқатланиш дастури болаларга микроэлементлар ва витаминлар билан бойитилган экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотларини тақдим этган ҳолда маҳаллий қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ривожлантириши лозим.

«Қозоғистонда мактабларда бепул иссиқ овқат дастури доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳамда умумий овқатланиш тармоқларига катта инвестициялар жалб этиляпти, фермерлик, қайта ишлаш саноати, логистика ва бошқа соҳалар ривожланяпти, юз минглаб иш ўринлари яратилмоқда», — дея қайд этган МҲТИ экспертлари.

Мактабларда бепул овқатланиш сифатини баҳолашнинг (болалар ва уларнинг ота-оналаридан сўров ўтказиш имкониятига эга) онлайн электрон платформасини яратиш зарур, бу эса жамоатчилик назоратини кучайтиради ва мунтазам мониторинг олиб бориш имкониятини беради.

Швецияда маҳаллий ҳокимият органлари, жамоатчилик ва мактаб маъмурияти бепул овқатланиш сифатини баҳолаш учун «SkolmatSverig» деб номланган онлайн платформадан фойдаланади. Платформада овқатланиш сифатини баҳолаш кўрсаткичлари мавжуд бўлиб, ҳар қандай фуқаро ёки ташкилот мактабдаги тушлик сифатининг тавсия этилган меъёрларга мувофиқлигини текшириш, унинг сифатини ошириш бўйича таклифлар киритиш, болалар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўров ташкил этиш имкониятига эга.

Ўзбекистонда мактабларда бепул овқатланиш қамровини кенгайтириш ва дастурни молиялаштириш учун донорлар, ҳам миллий хусусий сектор, ҳам халқаро ташкилотлар жалб этилиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (ВФП)нинг вазифаси барча болаларнинг мактабда овқатланиши ва соғлом турмуш тарзига эга бўлишини таъминлаш ва уларнинг ўқишга қизиқишини ошириш учун бутун дунё ҳукуматларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

МҲТИ экспертлари мактабда овқатланиш сиёсатини жорий қилган мамлакатлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини таъкидлаган. Бугунги кунда дунёда мамлакатларининг 87 фоиздан ортиғи мактабда овқатланиш дастурларини болалар учун нафақат таълим сифатини ошириш, балки соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун ҳам қўлламоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) маълумотларига кўра, 2020−2022 йилларда мактабда овқатланадиган болалар сони дунё миқёсида 7 фоизга, даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатларда эса 12 фоизга ошган. Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб бошланғич мактабга қатнайдиган болаларнинг тахминан 41 фоизи мактабда овқатланиш дастурларидан фойдаланмоқда: ушбу кўрсаткич даромади паст мамлакатларда 18 фоизни, даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатларда 39 фоизни ва даромади юқори бўлган мамлакатларда 61 фоизни ташкил этади.

«Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) мактабда овқатланишни ташкиллаштиришга соғлом овқатланиш одатларини тарғиб қилишнинг самарали воситаси сифатида қарайди. Мактабларда соғлом овқатланишни жорий этиш, тўғри овқатланиш бўйича таълим бериш болалар ва оилаларнинг саломатликка оид саводхонлигини оширишга хизмат қилади», — дейилади МҲТИ хабарида.

Ўқувчиларга бепул овқат бериш ташаббуси

Илк бор мактаб ўқувчиларига бепул овқат бериш таклифи 2021 йил сентябрь ойида президентлик сайловлари арафасида ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган. Бундан ташқари, бошланғич синф ўқувчилари учун бепул нонушта бериш ХДП номзоди Мақсуда Варисова томонидан ҳам таклиф этилган.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги сайловолди ташвиқоти чиқишларида ушбу ҳудудлардаги бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлашга ваъда берди. У Бўзатов туманида сайловчилар билан учрашувда Қорақалпоғистонда 1−4 синф ўқувчиларининг бепул тушлиги учун йилига 100 млрд сўм ажратилишини маълум қилди.

«Газета.uz» ушбу ташаббусни амалга ошириш учун давлат бюджетининг тахминий харажатларини ҳисоблаб чиққанди. 2021 йилги ҳисоб-китобларга кўра, Қорақалпоғистон мактабларида 140,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқийди ва агар 100 млрд сўмни бошланғич синф ўқувчиларининг сонига бўлсак, унда ҳар бир ўқувчининг овқат нархи йилига тахминан 713,2 минг сўмни ташкил қилади.

Агар ушбу маълумотлар 136,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқиётган Хоразм вилояти кесимида кўриб чиқилса, унда ҳар йили давлат бюджетидан қарийб 97,14 млрд сўм ажратиш керак бўлади. Бу миқдор ҳар йили ўқувчилар сонининг кўпайиши билан ортади.

Сирдарё вилоятида 59 минг бошланғич синф ўқувчиси бор, бепул овқатланиш нархи 42,1 млрд сўмни ташкил қилиши мумкин. «Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, барча 1−4-синф ўқувчилари учун бепул тушлик йилига 1,74 трлн сўмни ташкил қилиши мумкин.