Маданият соҳасини тўлиқ рақамлаштириш ҳамда иқтисодий манфаатдорликни яхшилаш зарур, шундагина соҳа ғояга ишлайди. Бу ҳақда вазир Озодбек Назарбеков 11 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг ОАВ вакилларига берган интервьюсида сўз юритди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Назарбековнинг қайд этишича, маданият соҳасини ҳар томонлама: саҳнани ҳам, театрни ҳам, концертларни ҳам рақамлаштириш зарур, бу бугунги кун талаби.

«Одамларни ҳайратда қолдиришнинг бошқа ҳеч қандай имкони йўқ, [ечими] фақат технология. Минг саҳнага чиқиб, кўзингиздан қон отилиб йиғланг бугунги жамиятда ҳеч кимга таъсир қилмайди. Фақатгина технологиянинг кучи билангина ҳайратлантириш [мумкин]. Шу сабабли мени биринчи мақсадим соҳада ITни ривожлантириш. Аммо соҳада мендан бошқа ҳеч ким бу фикрда эмас. Соҳани мутлақо рақамлаштириш керак, шунда масалалар ечилади, деган фикрдаман. Шундагина одамлар театрга ҳам келади, кино ва концертларни ҳам кўради», — деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, соҳада иқтисодий манфаатдорлик ўта паст, абгор аҳволда, иқтисодий манфаатдорликни ҳам таъминлаш керак.

«Соҳа ходимларига [субсидия асосида] уй-жой бераман десак танқид қиляпсизлар, ойлигини сал кўтарайлик десак ҳам ҳамма танқид қиляпти. Соҳада сифатни таъминлашда иқтисодий манфаатдорлик ҳам жуда катта фактор ҳисобланади. Мана шу иккала масала бутунлай ечим топса, ана шундан кейин бу соҳа ғояга ишлайди, ғояни амалга ошира олади», — деди Озодбек Назарбеков.

Вазирнинг қўшимча қилишича, соҳада рақамлаштириш ва иқтисодий манфаатдорлик масалаларини ҳал қилмасдан туриб, бирор ғояни тўла-тўкис амалга ошириш ёки уни [оммага] сингдириш [қийин].

Аввалроқ, маданият вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ишламаслиги туфайли санъаткорлар тўйдан манфаатдор бўлаётгани ва тўй учун ижод қилаётганини айтиб, «Муаллифлар ўз ҳуқуқини таниши — энг катта ечим, бу соҳани тезроқ ишлашига сабаб бўлади», деган эди.