Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш биринчи навбатда сифатни таъминлаб беради, шу орқали ижодкорлар санъат асарлари ярата бошлайди. Аммо Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ишламаслиги туфайли қўшиқчилар тўй учун ижод қилмоқда. Бу ҳақда 11 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Маданият вазири Озодбек Назарбеков таъкидлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Озодбек Назарбековнинг сўзларига кўра, у шу кунгача муаллифлигидан манфаатдор бўлмаган. «Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи ҳали бери ишламаяпти. Яқинда вазирлик қошида ташкил этилган палата менга бир маълумотни топиб тақдим этди. Мени бутун халқаро майдондаги ҳуқуқим қанақадир Евгений, бир нарса деган одамга расмийлаштирилган экан. Содда қилиб айтганда, бу муаммо ҳали столни устида эмас. Ҳали ҳаммани қўли етар даражадаги муаммо эмас», — деди у.

Назарбековнинг айтишича, бугунги кунда муаллифлар ўзларини ҳуқуқини яхши билмайди, ҳатто ҳуқуқ тартибот органларида ҳам бу масала билан шуғулланишга имконият етарли эмас.

«Муаллифлар ўз ҳуқуқини таниши — энг катта ечим, бу соҳани тезроқ ишлаши ва таъминлашига сабаб бўлади. Лекин ҳозир фақат ташкилотчиларгина бу соҳани [тушуняпти]. Ҳаттоки, ҳуқуқ тартибот органларида ҳам бу билан мутлақо шуғулланиш имкони йўқ, улар учун ҳам кўп нарсаларга ойдинлик киритиш керак. Чунки ҳали очилмаган масалаларимиз бор», — деди вазир.

Ҳукумат вакилининг қайд этишича, вазирлик ташаббуси билан муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи палата ташкил этилган. У вазирлик қошидаги нодавлат ташкилот бўлса-да, муаллифлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларини мутлақо ечиш мақсадида ягона палата сифатида йўлга қўйилган.

«Аммо ушбу палатанинг тўлиқ ишлаб кетмаслигининг ҳам ўзига яраша сабаблари мавжуд. [Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқи билан шуғулланувчи] бошқа яна ташкилотлар бор. Лекин биз ҳаракат қиламиз, курашдан тўхтамаймиз, буни амалга оширамиз. Сабаби муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши бизга биринчи навбатда сифатни таъминлаб беради. Шу орқали ижодкорлар санъат асарлари ярата бошлайди. Чунки ўша жойдан манфаатдор бўлиб турса, юқорига қараб ижод қилади. Ҳозир ижодкорлар тўйдан манфаатдор бўляпти, тўйга ижод қиляпти. Буни ҳам чеклай олмаймиз, бу ҳам ихтиёр», — деди Озодбек Назарбеков.