Қирғизистон Ўзбекистондан 100 дона Isuzu SAZ LE-60 йўловчи автобуси сотиб олади, дея хабар қилди Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси (ЎҚТЖ) матбуот хизмати.

13 март куни жамғарма офисида Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳокимлиги билан лизинг шартномаси имзоланди. Жамғарма Самарқанд автомобил заводи (SamAuto) томонидан ишлаб чиқарилган паст полли йўловчи автобусларини харид қилишни молиялаштиради.

Мазкур автобуслар Ўш жамоат транспорти паркини кенгайтиради ва модернизация қилади.

samauto, ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси, ўш

Шартнома тараққиёт жамғармаси учун иккинчиси бўлди. Февраль ойи охирида ҳам ЎҚТЖ «Акун» ЁАЖ билан SamAuto компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 10 та ўртача юк кўтарувчи Isuzu юк автомашинасини лизингга олиш бўйича шартнома имзоланган.

2023 йилнинг ноябрь ойида Туризм қўмитаси ва Қирғизистон Туризмни ривожлантириш жамғармаси вакиллари SamAuto компанияси ишлаб чиқарган автобусларни етказиб бериш орқали Ўшдан Ўзбекистон чегарасига қўшимча рейслар ташкил этиш масаласини муҳокама қилган, деб ёзади Spot.

Ўзбек-қирғиз тараққиёт жамғармаси 2021 йилнинг 11 март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган икки томонлама саммит доирасида имзоланган ҳукуматлараро битимга мувофиқ ташкил этилган. Жамғармани кенгаш ва ҳайъат бошқаради. Хусусан, кенгаш таркибига Қирғизистондан икки нафар ва Ўзбекистондан уч нафар вакил, ҳайъат таркибига икки нафар Ўзбекистон ва уч нафар Қирғизистон фуқароси киритилган.