Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов чоршанба куни Қонунчилик палатасида депутатлар олдидаги сўзлаган нутқида мактабларнинг интернет ва компьютерлар билан таъминланиши ҳақида фикр билдирди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари (МҲТИ) аввалроқ мактабларда ҳар бир ўқувчига 0,03 та, қишлоқ жойларда эса 0,04 та компьютер тўғри келишини айтганди. Ушбу кўрсаткич дунё мамлакатлари билан солиштирганда анча паст. Масалан, Қозоғистонда ҳар бир ўқувчига 0,72 та, Озарбайжонда 0,55 та, Беларусда 0,55 та, Туркияда 0,25 та, умумий ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) мамлакатларида эса 0,85 та компьютер тўғри келади.

Ўзбекистон мактабларида компьютерларнинг 71,6 фоизи, қишлоқ жойларда эса 69,4 фоизи интернетга уланган. Ушбу кўрсаткич бўйича маҳаллий мактаблар чет эл мактабларидан орқада қолмоқда. Хусусан, Туркиядаги мактабларда компьютерларнинг 92 фоизи, Озарбайжонда 80 фоизи ва Белорусда 85 фоизи интернетга уланган.

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, 2021 йилда президент топшириғи билан Ўзбекистондаги деярли барча мактабларга интернетга уланиш учун оптик толали ва радиореле алоқа линиялари ўрнатилган, уларнинг тезлиги тарифга боғлиқ.

«Бу саволнинг биринчи қисми. Иккинчидан, интернет келди, лекин ичкарида компьютерларнинг бор ёки йўқлиги масаласи бор. Илгари [компьютерларни сотиб олиш учун] мактабларда пул ажратиш муаммо бўлиб келган. Мен буни эски лавозимимдан айта оламан (2018−2021 йилларда Шерзод Шерматов халқ таълими вазири бўлиб ишлаган — таҳр.). Бу савол мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тегишли, аммо улар буни қандай қилишади? Агар уларга бюджетдан пул беришса. Илгари бюджетдан компьютерларни сотиб олиш учун пул берилса, энди президент топшириғи билан ҳар йили маблағ ажратилади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ушбу мақсадлар учун ажратилган сумма ҳали ҳам кам, бу бюджет тақсимланиши ва пул келиб тушишига боғлиқ. Бюджетда кўп пул бор, лекин уни давлат бермаяпти эмас, бюджет пули у қадар кўп эмаслигини мендан ҳам яхши биласизлар, бунинг сабаби Ўзбекистонда хуфиёна иқтисодиётнинг улуши катта эканлиги, дея таъкидлади вазир.

«Хуфиёна иқтисодиёт қанчалик катта бўлса, бюджетга камроқ маблағ тушади. Таққослаш учун: Uztelecom уяли алоқа операторимиз 2023 йилда 1 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлаган, бутун умумий овқатланиш соҳаси 900 миллиард сўмга яқин тўлаган. Сиз телефонингизга бир ой сарфлайдиган пулдан кўра тушликка кўпроқ сарфлайсиз, аммо умумий овқатланиш соҳасида ҳали анча солиқлар тўламаганлигини кўрасиз. Ёки Uztelecom энг йирик 20 та қурилиш компанияларига қараганда кўпроқ солиқ тўлади», — деди у.

Вазир бюджет тушумлари кўпайиши билан мактабларни компьютерлар билан жиҳозлаш учун кўпроқ маблағ ажратилишига умид билдирди.

Шерзод Шерматов, шунингдек, мактабларда Интернет ва компьютерлар қамрови бўйича Ўзбекистон билан таққослайдиган бошқа мамлакатлардаги аҳоли жон бошига даромадини ҳам ҳисобга олишни сўради.

«Уларда жон бошига даромад Ўзбекистондан 5−10 баравар катта. Президент томонидан қабул қилинган Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясида аҳоли жон бошига ЯИМни камида икки бараварга ошириш белгиланган. Кейин бу масалалар ҳал қилинади», — деди вазирлик раҳбари.

Маълумот учун, 2023 йилда компьютер синфларини янгилаш учун бюджетдан 220 млрд сўм ажратилди.