Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистон мактабларидаги инфратузилма ва таълим сифатига таъсир этувчи омилларни аниқлаш мақсадида тадқиқот ўтказиб, мамлакатда таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётган бир қатор омиллар мавжудлиги аниқлади. Масалан, Ўзбекистондаги мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализация тизимига уланган, дейилади тадқиқот натижаларида.

Бундан ташқари, экспертлар қуйидаги салбий омилларни санаб ўтган:

  • Умумтаълим тизимига сарфланаётган давлат бюджети харажатлари номутаносиб тақсимланган.
  • Битта ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда.
  • Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар сони 2,1 млн нафардан ошиқ бўлиб, улар жами ўқувчиларнинг 33 фоизини ташкил этади.
  • Мактабларнинг 16 фоизга яқини капитал таъмирлашга муҳтож, 4,6 фоизи эса умуман яроқсиз ҳолатда.
  • Умумтаълим мактабларида ҳар бир ўқувчига 0,03 та, қишлоқ жойларда эса 0,04 та компьютер тўғри келади. Ушбу кўрсаткич дунё мамлакатлари билан солиштирганда анча паст. Масалан, Қозоғистонда ҳар бир ўқувчига 0,72 та, Озарбайжонда 0,55 та, Беларусда 0,55 та, Туркияда 0,25 та, умумий ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) мамлакатларида эса 0,85 та компьютер тўғри келади.
  • Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўқитувчилар юкламаси юқори.
  • Республика мактабларида чет тили, технология ва информацион технологиялар фанларидан ўқитувчилар етишмайди.
  • Ўқитувчилар орасида аттестациядан ўта олмаслик кўрсаткичи юқори ва фанлар бўйича халқаро сертификатга эга бўлганлар сони кам.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг 64,2 фоизида ошхона ёки буфет, 95 фоизида кутубхона, 79 фоизида спорт зали бор. Мактабларнинг 70,5 фоизида водопровод мавжуд. Умумтаълим мактабларининг 99 фоизи иситиш тизимига эга.

Республикада фаолият юритаётган умумтаълим мактабларининг 15,9 фоизи (1658 та) капитал таъмирга муҳтож. Уларнинг 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Айтиб ўтиш жоизки, Бухоро вилоятидан ташқари барча ҳудудларда таъмирлашга муҳтож мактаблар мавжуд. Ушбу мактабларнинг катта қисми Тошкент (219 та), Сурхондарё (209 та) ва Қашқадарё (204 та) вилоятларида жойлашган.

Мактабларнинг 4,3 фоизи (451 та) авария ҳолатида, уларнинг ҳам катта қисми, яъни 60,7 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Авария ҳолатидаги мактабларнинг асосий қисми Қашқадарё (101 та) вилоятида жойлашган.

Умумтаълим мактабларининг 98 фоизида компьютер синфлари мавжуд. Ҳар бир мактабга 1,4 тадан компьютер синфи тўғри келади. Қишлоқларда жойлашган мактабларнинг 98,5 фоизида компьютер синфлари мавжуд. Компьютерларнинг 71,6 фоизи интернет тармоғига уланган, қишлоқ жойларда бу кўрсаткич 69,4 фоизни ташкил этади. Ушбу кўрсаткич бўйича ҳам маҳаллий мактаблар хорижий мактаблардан ортда қолмоқда. Хусусан, Туркиядаги мактабларда компьютерларнинг 92 фоизи, Озарбайжонда 80 фоизи, Беларусда 85 фоизи интернет тармоғига уланган.