Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботида айтилишича, дунё бўйлаб беш ёшгача вафот этаётган болалар сони 2022 йилда 4,9 миллионни ташкил этиб, тарихий минимал даражага тушган. Ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳар олти сонияда битта ўлимга тенг.

Ҳисоботда таъкидланишича, бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ болалар омон қолмоқда. 2000 йилдан бери дунёда беш ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 51 фоизга камайган.

4,9 миллион ўлимнинг деярли ярми бола туғилгандан кейинги биринчи ойда содир бўлган, яна 2,6 миллион бола бир ойдан беш ёшгача бўлган вақт оралиғида вафот этган. Ушбу ўлимларнинг аксарияти Жанубий Осиё ва Африканинг Саҳрои Кабирдан жанубий қисмида содир бўлган.

Болалардаги бевақт ўлимнинг аксарияти эрта туғилиш, туғруқ вақтидаги асоратлар, пневмония, диарея ва безгак каби олдини олиш ёки даволаш мумкин бўлган сабаблар туфайли содир бўлган, дейилади ҳисоботда.

«Болаларнинг яшаш жойи, ижтимоий-иқтисодий гуруҳи ҳамда беқарор ва можаролар таъсир кўрсатадиган муҳитда яшашига кўра, омон қолиш учун нотенг имкониятлар мавжуд», — дейди экспертлар.

Шу билан бирга, БМТнинг таъкидлашича, даромади паст ва ўрта даражадан паст бўлган бир қанча давлатлар бирламчи тиббий ёрдамга етарли маблағ ажратилса, ўсишга эришиш мумкинлигини кўрсатган. Хусусан, Камбоджа, Малави, Монголия ва Руандада 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 2000 йилдан бери 75 фоиздан кўпроққа камайган.

«Эришилган ўсишга қарамай, миллионлаб оилалар ҳали ҳам ҳар йили, кўпинча туғилганидан кейинги биринчи кунлардаёқ боласини аянчли тарзда йўқотишдан азият чекмоқда, — деди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус. — Болаларнинг қаерда туғилиши уларнинг яшаши ёки яшамаслигини аниқламаслиги керак. Ҳар бир аёл ва боланинг, жумладан, фавқулодда вазиятларда ва чекка ҳудудларда сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга».

БМТнинг қайд этишича, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, 59 давлат беш ёшгача бўлган болалар ўлимини қисқартириш бўйича кўзланган мақсадга эриша олмайди, 64 давлат эса янги туғилган чақалоқлар ўлимини қисқартириш бўйича мақсадни қўлдан бой беради. Бу 2030 йилга бориб 35 миллион бола беш ёшга тўлмасдан вафот этишини англатади, дейди экспертлар. Ушбу ўлимлар асосан Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка, Жанубий Осиё ҳамда бошқа паст ва ўрта даромадли мамлакатларда юз беради.