Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Тошкент халқаро аэропорти Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш назоратчилар бўлинмаси собиқ назоратчиси А.Б.га 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, А.Б. ижтимоий тармоқларда фуқаро билан танишиб, унинг қариндошини Авиация хавфсизлик хизматига ишга жойлаштиришга ёрдам беришни ваъда қилган. У ўз хизматлари учун 2000 доллар сўраган, бироқ фуқаро фақат 1800 доллар тўлаши мумкинлигини айтган.

2023 йил 6 декабрь куни ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида А.Б. 1800 долларни олаётган вақтда қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришда шериклик) билан жиноят иши қўзғатилган.