Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни бўлиб ўтган йиғилишда «Янги Ўзбекистон» массивлари қурилишини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.

Бугунги кунда ҳудудларда 38 та массив қурилиши бошланган. 2024 йилда яна 17 та массив битказиш кўзда тутилган. Лекин айрим жойларда кечикиш ҳолатлари бор. Масалан, Сурхондарё, Андижон, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида қурилиш ишлари ортда қолмоқда.

Президент шу боис ҳар бир массив кесимида манзилли рўйхатни тасдиқлаб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Бунда асосий талаблар — сифат, муддат ва таннарх эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари 1 июлга қадар Янги Ўзбекистон массивларидаги 474 та уй-жой қурилишини тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш бўйича топшириқ берди. Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрманов, Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимовга қурилиши кечикаётган 16 та уйда қурилиш ишларини 10 кун муддатда бошлаш бўйича топшириқ юклатилди.

Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов топшириқлар ижроси устидан ҳар ҳафта назорат ўрнатади.

«Кўриб турибсизлар, аҳолимиз сони тез ўсиб боряпти. Бунинг учун шунга мос уй-жой, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини барпо қилиб боришимиз зарур. Агар биз одамларни рози қиламиз десак, уй-жой энг катта масала. 2024 йил ипотека дастури доирасида 80 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган. Бу жуда кам. Олдимизга қўйган улкан марраларга эришиш учун уй-жой қурилиши ҳажмини ҳар йили камида 20 фоизга ошириб боришимиз керак. Бунинг учун вилоят ҳокимлари бюджет ва банк пулига қараб ўтирмасдан, ўзлари ҳам инвестиция жалб қилиб, реновация лойиҳаларини амалга ошириши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг айтишича, Фарғона шаҳри, Фарғона ва Ёзёвон туманларида «Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бошланиб, 74 та кўп қаватли уйлар қурилиши якунига етказилмоқда. Бундан ташқари, массивларнинг ўзида 75 гектарлик боғ қурилиши ниҳоясига етмоқда.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, хитойлик тўрт нафар инвестор 170 млн долларлик маблағни уй-жой қурилишига жалб қилиш белгиланган.

Январь ойи охирида президент 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмагани, ҳокимлар буни режа ҳам қилмаганини айтиб, бош вазирга мазкур туманлар ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди.