Шавкат Мирзиёев 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда уй-жойга талаб юқори бўлса-да, 2023 йилда 16 та туманда бирорта кўп қаватли уй-жой қурилмаганини танқид қилди.

Қайд этилишича, 2023 йилда ҳудудларда 2 мингта кўп қаватли уй-жой қуриб, аҳолига топшириш бўйича олинган режа тўлиқ бажарилмай қолган. Бунда 124 та уй-жой қурилиши якунланмаган, қурилган уйлардан 450 таси ҳалигача фойдаланишга топширилмаган.

Шу сабабли бош вазир Абдулла Ариповга Нукус (Қорақалпоғистон), Қоровулбозор (Бухоро вилояти), Навбаҳор (Навоий), Косонсой (Наманган), Нуробод (Самарқанд), Олтинсой, Музработ, Қизириқ, Бандихон (Сурхондарё), Оқолтин, Сайхунобод, Мирзаобод, Ховос (Сирдарё), Пискент (Тошкент вилояти), Қўштепа, Бағдод (Фарғона) туманлари ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев бош вазирга Нукус, Жиззах, Бекобод шаҳарлари, Шароф Рашидов, Деҳқонобод, Учқўрғон, Урганч туманларида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўсиш бўлмагани муносабати билан ушбу 7 та ҳудуд ҳокимларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқишни топширганди.

Шунингдек, жойлардаги иқтисод бўйича ҳоким ўринбосарлари, вилоят ва туманлардаги иқтисодиёт бўлимлари раҳбарлари инфляцияни жиловлашни ўйламагани сабабли бош вазирга 9 та туман-шаҳардаги ҳоким ва сектор раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилган.