Ўзбекистонда 2024 йилги дастур доирасида 100 мингта уй-жой қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг уй-жойлар қурилиши соҳасидаги вазифалар бўйича ўтказган йиғилишида сўз боради.

Президент тадбирда янги уйларнинг нархи ва сифатида номутаносибликлар борлигини айтди.

«Сўнгги йилларда мамлакатимизда уй-жой қуриш кескин кўпайгани ҳисобига қурувчилар ҳам ҳокимлар ҳам катта тажриба орттирди. Энди улар қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифатини яхшилаш билан қаттиқ шуғулланишлари вақти келди. Қайси вазир ёки ҳоким уй-жой нархи ошиши сабабининг ичига кириб, унинг олдини олиш бўйича бош қотиряпти? Қурилиш вазири Ботир Зокиров вилоят ҳокимлари билан бирга 2 ҳафта муддатда қурилиш таннархини пасайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, ижросини таъминлаш бўйича ҳисобот беради» — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев уй-жой бозорида нархлар ошишининг олдини олиш учун таклиф ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда кўп қаватли уйлар қуриш учун қўшимча ер участкалари аукционга қўйилади.

Вилоят ҳокимларига икки ҳафта муддатда қўшимча 20 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларини аниқлаб, икки ой муддатда аукционга қўйиш топширилди. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов пойтахтдаги 60 гектар ерни сотувга қўйиши кераклиги айтилди.

Шавкат Мирзиёев бу соҳада аҳоли ва қурувчилар учун қатор янги имкониятлар берилишини маълум қилди.

Унга кўра, бу йил ипотекани молиялаштириш учун барча манбалардан 22,5 трлн сўм йўналтирилади. Жумладан, ипотека кредитлари учун қарийб 10 трлн сўм, даромади юқори бўлмаган 20 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун 2,3 трлн сўм берилади.

Пудрат ташкилотларининг айланма маблағини кўпайтириш учун 500 млрд сўм ресурс йўналтирилади. Бунда йиллик 16 фоиз ставкада 12 ойлик имтиёзли давр билан 18 ойга имтиёзли кредитлар ажратилади. Бу мақсадларга банклар ҳам ўз маблағларини киритади, дейилади хабарда.

Қурилиш ишлари ҳамда аҳолининг уй-жой сотиб олиши учун ҳам қўшимча енгилликлар яратилади. Хусусан, энди 5 қаватли уйларни барпо этишга камида «қониқарли» ва 9 қаватли уйларга «ўрта қониқарли» рейтингига эга бўлган пудратчилар жалб қилинади. Бу — қўшимча 2 мингга яқин пудратчига йўл очиб беради.

Турар жойлар қурилишида «яшил» стандарт жорий қилинади. У асосида бунёд этиладиган уй учун пудратчиларга кредитлар бир фоиз паст, яъни йиллик 15 фоиз ставкада берилади.

Пудратчиларга кредитлар бўйича кафиллик бериш ва фоиз харажатини қисман қоплашга Тадбиркорлик компанияси томонидан 200 млрд сўм йўналтирилади. Уй қурилиши учун махсус техникалар импорти бўйича берилган божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади.

Бундан буён ипотека кредитлари бўйича гаровга олинадиган уйни суғурталаш талаби бекор қилинади.

Камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга, «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида, ўз ҳовлисида уй қуриш ва таъмирлашга 120 млн сўмгача ипотека кредити ажратиш йўлга қўйилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача банди бюджетдан қоплаб берилади. Аҳолига бу борада кўмаклашишда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси муҳим ўрин тутади. Ўтган уч йилда унинг кредит портфели 3 трлн сўмдан ошди. Ушбу компания устав капиталини 100 млн долларга етказиш, хорижий маблағлар жалб этишни кенгайтириш вазифаси белгиланди.