1 март куни Бухоро вилояти Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ўз фарзандини узоқ вақт давомида қийнаб келган фуқаро С.Н.га нисбатан қўшимча айблов эълон қилинди. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг матбуот хизмати хабар берди.

Январь ойида омбудсманга аёл 5 ёшли боласини 1,5 йилдан ортиқ вақт давомида бешикка боғлаган ҳолда калтаклаб, қийнаб келгани ҳақида маълумот ва видео далиллар келиб тушганди.

Сўнгра ҳолат юзасидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми, «а, в» бандлари (Вояга етмаган, ожиз аҳволдалиги аён бўлган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов давомида С.Н.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят аломатлари — қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳам аниқланган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан дастлабки тергов тамомланиб, иш материаллари қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман судига юборилган, дейилади хабарда.