Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ойи кириб келгани билан табриклади.

«Дунё мусулмонлари учун энг азиз ва қадрли бўлган, барча эзгу ниятлар ижобат бўладиган Рамазони шарифнинг кириб келиши билан сиз, азизларни, бутун халқимизни чин юракдан муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман. Маънавий покланиш, сабр-қаноат, хайру саховат фазилатлари зиёда бўладиган моҳи Рамазонни миллий анъана ва қадриятларимизга мос, юксак даражада ўтказиш, юртимиз мусулмонларининг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилди», — деб ёзди президент.

Таъкидланишича, ушбу ойда «халқ манфаатларини таъминлаш, ёш авлодни билим-маърифат, яхши хулқ-одоб соҳиблари этиб тарбиялаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамият, эл-юрт ўртасида меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган савобли ишлар янада» зиёда бўлади.

«Минг афсуски, бугун дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар содир бўлмоқда, бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда. Биз бутун халқимиз билан бирга яратган эгамдан дунёда тинчлик ва осойишталик қарор топишини, гўзал диёримиздаги тинч-осуда ҳаёт бардавом бўлишини чин дилдан сўраб, Қадр кечаларида ихлос билан дуолар қиламиз», — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистонда Рамазон ойи 11 мартдан 9 апрелгача давом этади. «Газета.uz» Рамазон ойида онлайн тақвимни эълон қилган, унинг ёрдамида саҳарлик ва ифторлик вақтлари ҳамда уларгача қолган вақтни билиб олишингиз мумкин.