Февраль ойида аҳоли томонидан сезилган (шахсий) инфляция даражаси 12,7 фоизгача пасайди, бу январь ойига нисбатан 0,8 фоизга паст. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида сўз боради.

инфляция, сезилган инфляция

Регулятор маълумотларига кўра, бензин ва ёқилғи нархи кескин ошгани ҳақида айтган респондентларнинг улуши (46 фоиздан 53 фоизгача) ортган. Нархларнинг ошиши бўйича иккинчи ўринда саёҳат ва транспорт хизматлари кўрсатилди — 23 фоиздан 32 фоизгача. Бу бутун республика бўйлаб газ етишмаслиги сабабли метан ёқилғи қуйиш шохобчаларининг тўлиқ ёпилиши ёки фаолиятининг чекланиши фонида содир бўлди. Ишга таксида қатнаётган Тошкентдаги «Газета.uz» мухбирлари йўлкира нархи 1,5−2 баробарга қимматлашганини қайд этди.

Статистика агентлигининг расмий маълумотларига кўра, февраль ойида бензин нархи 1,1 фоизга, йўловчи ташиш хизматлари эса 0,5 фоизга ошган.

инфляция, сезилган инфляция

Шунингдек, респондентларнинг 30 фоизи (январда — 33 фоиз) сабзавот ва мевалар, 29 фоизи гўшт ва сут, 24 фоизи дори-дармон, 21 фоизи тухум, қурилиш материаллари, кийим-кечак ва пойабзаллар нархи ошганини қайд этган.

Ҳудудлар кесимида ўтган ойда сезилган инфляция даражаси Тошкент шаҳрида — 16,1 фоиз (январда — 16,5 фоиз), Сирдарё вилоятида — 13,9 фоиз (14,3 фоиз) ва Тошкент вилоятида — 13,2 фоиз (13,2 фоиз) энг юқори бўлди. Нархларнинг энг кам ўсиши Қорақалпоғистон — 9,1 фоиз (10,3 фоиз), Хоразм вилояти — 10,7 фоиз (13,6 фоиз) ва Андижон вилояти — 11,1 фоиз (11,3 фоиз) аҳолиси томонидан қайд этилган.

инфляция, сезилган инфляция

Даромадлари 15 миллион сўмдан юқори бўлган аҳоли учун инфляция даражаси 17,2 фоиздан 16,9 фоизгача тушган, 7−10 миллион сўм даромадлилар учун — 14,9 фоиздан 14 фоизга, 5−7 миллион сўм даромадлилар учун — 13,2 фоиздан 11,8 фоизга камайган. 10−15 миллион сўм даромадлилар учун эса 14,3 фоиздан 14,6 фоизга ошган.