Ўзбекистонда 8 мартдан электр энергияси таъминотига чекловлар жорий этилиши тўхтатилди. Бу ҳақда 11 март, душанба куни Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

10 март куни электр станциялар орқали 238,9 миллион кВт/соат, режадагига нисбатан 4 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди (у корхоналарнинг электр энергиясига бўлган сўровларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади). Иссиқлик электр станцияларида 48,2 млн кубометр табиий газ, 16,8 минг тонна кўмир ҳамда 4 минг тонна мазут ёқилди.

Бир суткада электр энергияси истеъмоли 223,4 млн кВт/соатни ташкил этди (режага нисбатан 8 фоизга кўп), шундан 15,6 миллион кВт/соат Туркманистондан импорт қилинган. Шунингдек, истеъмолчиларга 145,6 млн куб метр газ (+9 фоиз) етказиб берилган.

«Табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани электр энергияси етказиб бериш тизимида 17 февраль санасидан эътиборан амалга киритиб келинган чекловларнинг бекор қилинишини таъминлади. 8 мартдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудларига электр энергияси етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар қўлланилмаяпти», — дейилади хабарда.

Якшанба куни 1325 та (1517 тадан) автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) орқали 13,4 млн куб метр газ сотилган. 7 мартда сотувлар ҳажми 14,9 млн куб метрни, 8 мартда 15 млн, 9 мартда 15,6 млн кубометрни ташкил этган.

Ноябрь ойи охирида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қишда юзага келиши мумкин бўлган энергия ресурслари танқислигини қандай қоплашни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. Режага кўра, мазутдан электр ишлаб чиқарилади, йирик корхоналарни тунги иш режимига ўтказилади, АГТКШларга газ етказиб бериш қисқартирилади.