Нурилла Абдурахманов Тошкент шаҳри Бектемир туманига ҳоким этиб тайинланди, деб хабар қилди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Унинг номзоди душанба куни бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгаши сессиясида маъқулланди.

Нурилла Абдурахманов ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Чилонзор туманидаги «Гавҳар» маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган.

У 1981 йилда туғилган, маълумоти олий. Бунгача Миробод, Чилонзор ва Яккасарой туманлари ҳокимликларида бир қатор масъул лавозимларда ишлаган.

Туманнинг аввалги ҳокими Тапил Маҳамадзияев февраль ойи бошида лавозимидан озод этилган эди. Ундан сал олдин президент бош вазирга пойтахтнинг бир қанча туманлари раҳбарларини, жумладан, Маҳамадзияевнинг лавозимига лойиқлигини ҳал қилишни топширган эди.